Россия хавфсизлик хизмати йирик террорчилик амалиёти олдини олганини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Александр Бортников террорчилик олди олингани ҳақида Президент Медведев билан учрашув пайти айтган

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортниковнинг маълум қилишича, Москва вилоятидаги транспорт тизимида йирик террорчилик хуружи олди олинган ва тўрт киши ҳибс этилган.

Бу ҳақда Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Россия Президенти Дмитрий Медведев билан учрашув чоғида билдирган.

Россия хавфсизлик хизматлари ҳужум қаерда мўлжаллангани ҳақида маълум қилмаганлар.

"Атиги бир неча кун илгари биз олиб борган ишлар натижасида Москва вилоятида йирик теракт олди олинди. Одамлар оммавий тўпланадиган объектлар ва транспорт инфраструктураси объектларида террорчилик ҳужумини тайёрлаган тўрт кишидан иборат Шимолий қофқозлик жиноий гуруҳ қўлга олинди", деб айтган Россия хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников.

Александр Бортников айтишича, қўлга олинганларнинг ёнида 10 килограммли тротил кучига эга портловчи ускуна, қурол-яроғ, харита ва тайёрланган ҳужум схемаси топилган.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари сўзларига кўра, қўлга олинганлар аллақачон иқрорий кўрсатмаларни беришган ва "жиноятчиларнинг шерикларини" ҳам аниқлашга муваффақ бўлинган.