Америка расмийлари Муаммар Қаддофий вакиллари билан учрашганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Муса Иброҳимнинг айтишича, ушбу учрашув "Ливия-Америка муносабатларини тўғрилашда" муҳим қадам.

АҚШ Давлат департаменти 16 июл куни Тунисда полковник Муаммар Қаддофий вакиллари билан учрашув бўлиб ўтганини тасдиқлаган.

Америка расмийларига кўра, буни музокара деб бўлмайди, бироқ "юзма-юз учрашув"да Муаммар Қаддофий ҳокимиятдан кетиши лозимлиги айтилган.

АҚШ Давлат департаментига кўра, учрашувда АҚШ Давлат котибининг Яқин Шарқ бўйича ёрдамчиси Жеффри Фелтман ва Американинг Ливиядаги элчиси Жин Кретц иштирок этганлар.

Қаддофий ҳукуматини ким тақдим этгани маълум қилинмаган.

Америка ташқи сиёсат идораси баёнотига кўра, "Ливия халқи иродаси ва истагини акс эттирган сиёсий жараён бошланиши учун Қаддофий ҳокимиятдан воз кечиши лозимлиги оддий ва аниқ қилиб айтилган".

Ливия ҳукуматининг сўзчиси Муса Иброҳим айтишича, расмий Триполи Америка Қўшма Штатлари билан мулоқот тарафдори, лекин олдиндан бирор бир шарт қўйилмаслиги керак.

Унинг сўзларига кўра, Тунисдаги учрашув "Ливия-Америка муносабатларини тўғрилашда" муҳим қадамдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Исёнкорлар Брега шаҳри устидан назоратни қўлга олганларини айтганлар

"Биз ҳамма нарсани муҳокама қилишга тайёрмиз, фақат олдиндан шарт қўйманг. Ливияликлар ўз келажакларини ўзлари белгилашлари керак", деб айтган Муса Иброҳим.

Айни пайтда Ливия исёнкорларни нефт таъминотида жуда муҳим саналган Брега шаҳри устидан назоратни қўлга олганлари ҳақида эълон қилганлар.

Исёнкорларга кўра, Қаддофий қўшинлари Рас Лануф шаҳри томонга чекинишаяпти.

Бироқ Ливия ҳукуматига кўра, Қаддофийга содиқ кучлар ҳамон Брега шаҳрини назорат қилиб туришипти.

Феврал ойидан буён Брега шаҳри бир неча марта исёнкорлар ва Қаддофий қўшинларига қўлига ўтган.

Мухбирларга кўра, Бреганинг аксилқаддофий кучлар назоратига ўтиши исёнкорларнинг улкан ғалабаси бўлиши мумкин.