БМТ: Сомали жануби очарчиликни бошидан кечирмоқда

Image caption Ҳисоб-китобларга кўра, Африка шарқида кузатилаётган очарчиликдан 10 миллион инсон жабр кўрмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Сомали жанубидаги икки ҳудудда очарчилик, деб эълон қилган. Мамлакат қарийб ярим асрдан кўпроқ вақт асносидаги энг қақшатқич қурғоқчиликдан азият чекмоқда.

БМТга кўра, жанубий Бакул ва Қуйи Шабелл минтақаларидаги вазият кескинлашган.

Мамлакат 19 йилдан буён илк бор очарчиликни бошидан кечирмоқда.

Айни пайтда БМТ ва Қўшма Штатлар Сомалидаги қуролли гуруҳларни мухтожларга кўмак етказиш учун ёрдам ташкилотларига кўпроқ хавфсизлик кафолатини беришга чақирмоқда.

Ал-Қоидага алоқадор кўриладиган Ал-Шабаб гуруҳи Сомали жануби ва маркази катта қисмини назорат қилади. Қуролли гуруҳ 2009 йил ўз қўли остидаги минтақаларда ёрдам агентликлари киришига тақиқ қўйганди. Бироқ, яқиндан бошлаб чекланган доирадаги фаолиятга изн берган.

Ҳисоб-китобларга кўра, Шарқий Африкадаги ярим аср асносидаги энг ёмони дея таърифланаётган қурғоқчиликдан 10 миллион инсон жабр кўрган. Ўта танг аҳволда қолган 166,000 сомалилик қўшни Кения ва ё Эфиопияга қочиб ўтган.

Қурғоқчилик, қарама-қаршиликлар ва қашшоқлик очарчилик келтириб чиқарган омиллар саналади.

Бугунда мамлакатдаги 30 фоиз болалар тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда ҳамда кунига ҳар 10, 000 боладан 4 нафари ҳаётдан кўз юммоқда.

'Дунё ҳамжамияти ёрдамга шошилиши шарт'

"Мамлакат бўйлаб Сомали аҳолисининг қарийб ярми - 3.7 миллион нафари ҳозир инқирозни бошидан кечирмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг 2.8 миллиони жанубий минтақаларда", дейилади БМТнинг Сомалидаги Инсонпарварлик ёрдамларини мувофиқлаштирувчи идораси чиқарган ҳисоботда.

Ташкилотга кўра, давомий қарама-қаршиликлар ёрдам агентликларининг Ал-Шабаб назорат қилаётган жанубий ҳудудларга етиб боришларини ўта қийинлаштирган.

"Агар биз ҳозир зарурий қадамларни қўймасак, ҳосилдорликнинг ўта камлиги ва юқумли касалликлар тарқалиши туфайли очарчилик Сомали жанубидаги барча 8 минтақага ёйилади", дея огоҳлантиради БМТнинг Сомалидаги Инсонпарварлик ёрдамларини мувофиқлаштирувчи идораси раҳбари Марк Боуден.

"Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, очарчилик муаммосини ҳал этиш учун келаси икки ой ичида 300 миллион доллар керак бўлади", дейди у.

Би-би-сининг Африка масалалари бўйича мухбири Андрю Ҳардингнинг айтишича, "очарчилик" сўзи камдан-кам ҳолларда ва ўта эҳтиёткорлик билан ишлатилади. Сомалидаги вазиятга 1992 йилдан бери илк бор ушбу сўз қўлланилмоқда.

Буюк Британиянинг Халқаро Тараққиёт бўйича котиби Андрю Митчел кўплаб Оврўпо давлатлари ва ривожланаётган мамлакатларнинг Шимоли-шарқий Африкадаги ушбу инқирозга жавобини "бемаъни ва хатарли равишда талабга жавоб бермайди", дея таърифлаган.

Унга кўра, Сомалида очарчилик деб эълон қилиниши вазият нақадар абгорлигини кўрсатади ва дунё ҳамжамияти зудлик билан ёрдамга шошилиши зарур.

Айни пайтда БМТ хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёрдам етказиш ишларига халақит бераётганини айтаркан, очарчиликдан жабр кўраётган ҳудудларга етиб боришга имкон яратишга чақиради.

Ҳодисаларнинг бошқа бир ривожида Халқаро Амнести ташкилоти Сомалидаги Ал-Шабаб каби қуролли гуруҳлар томонидан болаларни ҳарбийликка ёллаш амаллари мунтазам кузатилмоқда.

Ташкилотнинг айтишича, мамлакатдан қочиб чиққан 200дан ортиқ сомалилик билан суҳбатлардан англашилишича, ёлланаётганларнинг энг кичиги 8 ёшдир.

Халқаро Амнести чиқарган ҳисоботда айтилишича, Ал-Шабаб болаларни пул ва қўл телефонлари бериш ваъдалари билан йўлдан уради. Шу билан бирга, ҳисоботга кўра, қуролли гуруҳ болаларни ўғирлаб кетиб ҳам уларни аскарликка мажбурлайди.