Афғонистон: Лашкаргоҳнинг 1 миллион долларлик уйлари

Афғон миллий армияси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCpashto.com
Image caption Энди Лашкаргоҳ назорати афғон кучлари қўлида

Лашкаргоҳ ўзгаришларга юз тутмоқда. Шаҳарда идоралар, корхоналар ва турар-жойлар қуриш ишлари жадал суръатларда кечмоқда.

Баъзи уй-жойлар шу қадар ҳашаматли қилиб тикланганки, уларнинг қиймати 500,000 ва ҳатто 1 миллион долларни ташкил қилади.

Хуллас, урушлар хароб қилган шаҳарнинг айрим қисмларида янги бинолар қад кўтармоқда.

"Бу ердан уч йил олдин уй сотиб олганингизда, катта фойда қилган бўлардингиз", дейди Ҳелманд вилояти ҳокими Гулоб Мангал жилмайиб.

Энг қиммат уйлар Ҳелманднинг қаттиқ қўриқланувчи Полиция Бошқармаси Маркази яқинида барпо этилмоқда. Бу ер уй эгаларига хавфсизлик ҳиссини беради.

Майор Увес Ҳюс ушбу Полиция Бошқармаси Маркази ичкарисида маҳаллий полицияни тайёрловдан ўтказаётган Гуркаларга бошчилик қилади.

У Афғонистон хавфсизлик кучларига тегишли бошқа агентликлар билан ҳамкорлик қилаётгани ва улар Лашкаргоҳни ҳимоя қилишга қодир эканларини айтади.

"Улар АЙЭСАФ ҳеч қачон таъминлай олмаган ҳақиқий хавфсизликни йўлга қўйишлари мумкин, чунки улар маҳаллий аҳоли вакиллари-афғонлар. Хавфсизликни таъминлаш учун маҳаллий полиция кучлари сафига афғонлар ёлланган", дейди Майор Ҳюс.

Коррупция

Бугунда Лашкаргоҳнинг ҳар бир йирик кўчасида ҳозир бўлган полиция ботирлиги ва уларнинг исёнкорларга қарши амалиётлари учун доим олқишланади.

Қароргоҳ ичкарисида катта сонли портлатилган автомашиналар тахланиб ётгани Ҳелмандда полиция ходими бўлиш учун қанчалар довюрак бўлиш кераклигини кўрсатади.

Аммо, полициячиларнинг катта қисми саводсиз ва коррупция ботқоғига ботган. Ҳелманднинг чекка бир ерида полиция бошлиғи бўлиш учун 50.000 доллар беришлари керак.

"Коррупция афғон маданиятидаги ярага ўхшайди. Афғонларда: "Афғон армиясига обрў учун қўшиласиз, афғон полициясига эса, пул учун", деган гап бор. Ўзим гувоҳ бўлганларимдан келиб чиқиб айтсам, бу шубҳасиз ҳақиқатдир", дейди Майор Ҳюс

Коррупция нафақат полицияга ишончга путур етказади, балки қудратини ҳам пасайтиради. Ғарб ҳарбий зобитлари ҳисоб-китобларига кўра, Ҳелманд вилояти айрим туманларида гарчи маошлари тўланса-да, 10-30 фоиз полиция кучлари аслида мавжуд эмас.

Бунга қўшимча, вилоят бўйича полиция сафига яна 800дан ортиқ зобит ёлланиши керак. Полиция Бошқарув Маркази раҳбари Полковник Исмоил Лашкаргоҳда муваффақиятли қозониш учун 500дан ортиқ зобитга эҳтиёжи борлигини айтади.

"Бизга кўпроқ полиция кучлари керак. Шу билан бирга биз зирҳли автомашиналар ва замонавий қуроллар сўраймиз. Ва биз учун яхшироқ тайёрлов машқлари ҳам зарур", дейди Полковник Исмоил. Хавфсизлик назоратини топшириш жараёни

Хавфсизлик масъулияти афғонлар қўлига топширилаётгани Лашкаргоҳ аҳолисини хавотирга солмоқда. Шаҳардаги маҳаллий радио станциялардан бири Радио Сабаунда "Ҳелманд нима истайди?" деб номланган кундалик дастур бериб борилади. Дастур тингловчилар телефон қўнғироқлари асосида тайёрланади.

Радиостанция директори Мариус Фатсунга кўра, кўплаб одамлар уларга сим қоқиб хавфсизликдан шикоят қилишади.

"Одамларни жуда кўп масалалар ташвишга солади. Масалан, бизнинг армияда профессонал ҳарбийлар йўқ. Агар худкуш ҳужумчилар Кобулдаги Мудофаа вазирлигида ўзларини портлатишаётган бир пайтда (шундай ҳодиса апрел ойида содир бўлган), афғон армияси бу ерда хавфсизликни қандай ўрнатиши мумкин?"

Радио асосчиси Барялай Ҳелманд вазиятни қисқа қилиб икки жумлада ифодалайди: "Икки йил олдин хавфсизлик ҳозиргидан ёмон эди. Аммо, биз ўзимизни ҳозир ҳам бехавотир ҳис қилмаймиз".

Апрел ва июн ой ўрталарида Лашкаргоҳнинг ўзида ўтган йилнинг худди шу пайтидаги уч ойига қараганда икки баробардан кўпроқ хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисалар юз берган.

"Шаҳар иқтисодий жиҳатдан, бошқарувнинг ривожланиши ва хавфсизлик нуқтаи назаридан муваффақиятли жой. Лашкаргоҳ шаҳри ичкарисида ҳатто исёнкорлик йўқ, аммо террорчилик мавжуд", дейди Лашкаргоҳ атрофини хавфсизлик билан таъминлаб келган британ қўшинлари Полковниги Алистайр Айткен.

Шаҳар маркази хавфсизлик назорати афғонлар қўлига ўтган экан, халқаро ҳамжамият Ҳелманднинг қолган қисми масъулиятини ҳам худди шу жараёнга тайёрлайди.

Шу билан бирга қайта қуриш саъй-ҳаракатларини ҳозирги даражасидан пасайиб кетмаслигига ҳаракат қилинади.

Йўллар, мактаблар ва соғлиқни сақлаш марказлари қуриш лойиҳалари учун йирик миқдорда хориж пуллари сарфланаётгани аломатларини аниқ кўриш мумкин.

Муаммо эса, бу жойларда ишлаёдиган одам топиш ва хизмат кўрсатишни давомий йўлга қўйишдир.

Ҳелманд шимолидаги Муса Қалъа туманида 14та мактаб бор, аммо фақат тўрттасида малакали ўқитувчилар ишлашади.

Вилоятдаги 44та тиббиёт марказидан бор-йўғи биттасида аёл шифокор фаолият олиб боради.

Ҳелманддаги минглаб полиция зобитлари орасида 22 нафаринигина аёллар ташкил этади.

Ўтган йил 1.4 миллион аҳолига эга Ҳелманддан фақат саккиз киши олийгоҳларга киришга муваффақ бўлган.

Муҳаммад исмли йигит менга: "Ёш авлоднинг барчаси ишсиз. Улар Толибонга қўшилишади. Улар террорчилар билан аралашиб кетишади", дейди.

"Агар яхши иш ўринлари яратсангиз, корхоналар қурсангиз, ёшлар ўз вазифаларини бажаришади ва бу каби кераксиз ишларга вақтлари қолмайди", дея қўшимча қилади у.

Ҳелманд Вилоят Қайта Қуриш Гуруҳи бу каби муаммолардан хабардор ва ҳозир хусусий соҳани ривожлантиришга диққат қаратган.

Ўтган ой касб-ҳунар коллежи очилди. Коллеж Халқаро Тараққиёт Департаменти тарафидан молияланган. Айни пайтда аэропорт яқинида тадбиркорлик марказини очиш режаланган.

Халқаро Тараққиёт Департамент раҳбари Майкл О'Нейл мутахассислар синфини яратиш асосий муаммо эканини айтади. Унинг айтишича, айни муаммони ҳал этишга ҳозир катта эътибор қаратилган, аммо бу йўлда ҳали қилиниши зарур бўлган ишлар ниҳоятда кўп.