Ливия расмийлари: 'Қаддофийнинг қудратдан кетиши муҳокама қилинмаяпти'

Image caption Ливияда исёнчилар ва ҳукуматпараст кучлар ўртаисда тўқнашувлар беш ойдан бери давом этмоқда.

Ливия Ташқи Ишлар вазири жорий можарога ечим топиш мақсадида Муаммар Қаддофийнинг қудратдан кетиши масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Москвада Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган жаноб Абдул Ати Обейди журналистлар саволига жавоб берар экан, Қаддофийнинг кетиши муҳокама этилмади, деди.

Ўтган ҳафта Франса расмийлари Ливия раҳбарияти уларга Полковник Қаддофий қудратдан кетишга тайёр эканлигини билдирганликларини айтишганди.

Айни вақтда Лиивияда исёнчилар ва ҳукуматпараст кучлар ўртасида жанглар давом этмоқда.

Чоршанба куни мамлакат шарқидаги Брега шаҳри яқинида қақшатқич жанглар рўй берди.

Нефт қазиб чиқариш марказларидан бўлган Брега шаҳри беш ойдан бери давом этаётган можаро мобайнида бир неча бор қўлдан-қўлга ўтган.

Ғарбдаги Мисрата шаҳрида эса исёнчилар НАТО кучлари ҳаво ҳужумлари ёрдамида илгари силжишга муваффақ бўлганларини даъво қилишмоқда.

Россия Ливиядаги можарога ечим топиш мақсадида воситачилик қилишга уриниб келмоқда.

Чоршанба куни Москвада ўтказилган музокарлардан сўнг жаноб Обейди Ливия ҳукумати исёнчилар билан можарони ниҳоясига етказиш йўлларини кўриб чиқаётганлигини айтди.

Исёнчилар Ливия шарқи ва ғарбидаги баъзи шаҳарларни назорат қилиб турибдилар, аммо пойтахт Триполи томон илгари силжишга муваффақ бўлмаганлар.

12 июл куни Франса Ташқи Ишлар вазири Алан Жюпе "Ливия ҳукумати Туркия, Нью-Йорк ва Парижга элчи йўллаб, полковник Қаддофийнинг қудратдан кетиш шартларини муҳокама қилмоқдалар", деб айтганди.

Лекин бу ҳаракатлар расмий музокаралар шаклида ўтмаётганлигини илова қилганди.