Россияда пиво алкогол ичимлик, дея расман тан олинди

Image caption Шу вақтгача Россияда пиво яхна ичимлик сифатида кўриларди.

Россия президенти Дмитрий Медведев пивони алкогол ичимлик сифатида расман классификация этувчи қонунга имзо чекди.

Ҳозирга қадар Россияда таркибида 10 фоизгача алкогол бўлган ичимликлар озиқ-овқат маҳсулоти сирасига киритилганди.

Чоршанба куни кучга кирган қонунга мувофиқ эндиликда пиво савдоси ва рекламаси алкогол ичимликларга нисбатан киритилган чекловлар доирасида амалга оширилади.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра Россия аҳолси ораисда алкогол ичимликларни истеъмол қилиш ўртача тавсия этилган миқдордан икки баробар кўпдир.

Россияликлар азалдан кўпроқ ароқни афзал кўрган бўлсалардар, охирги йилларда "соғломроқ" муқобил сифатида пиво истеъмол қилиш ҳам анчайин кўпайди.

Охирги 10 йил мобайнида Россияда пиво савдоси ҳажми 40 фоизга ўсди, ароқ савдоси эса 30 фоизга тушган.

Мухбирларга кўра Россия бўйлаб жамоат ерларида одамларнинг бемалол пиво ичиб ўтирганларини кўплаб кузатиш мумкин, чунки пиво яхна ичимлик сифатида кўриларди.

Дўконларда ҳам пиво савдосига ҳеч қандай чекловлар бўлмаган ва кечаю-кундуз сотиб келинган.

Ўтган йили расмийлар пиво савдосига чекловларни кирита бошлаган вақтлари пиво ишлаб чиқарувчи корхонларга 200 фоиз миқдорида солиқлар белгиланди.

2013 йили кучга киритилиши режаланган янги чоралар эса махсус лицензияга эга бўлмаган дўконларда алкогол ичимликларни сотишни таъқиқлаш, рекламани чеклаш ва фақатгина рухсат берилган соатлардигина савдога чиқаришни назарда тутади.