Сурия пойтахти Дамашқда катта сонли ҳарбийлар жойлаштирилган

Сурия пойтахти Дамашқда жума намозидан сўнг навбатдаги аксилҳукумат намойишлари бошланиб кетаркан, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари шаҳар бўйлаб назорат нуқталари ташкил этилгани, алоқа узиб қўйилгани, Дамашқ маҳалларидаги уйлар тинтув қилинаётгани ва қатор инсонлар ҳибсга олинганини айтишади.

Ахборот агентликларига кўра, бу ҳафта ҳукумат тарафидан Ҳомс шаҳридаги намойишлар бостирилганига норозилик билдирилмоқда.

Фаолларга кўра, шанба кунидан бери Ҳомсда камида 50 киши ўлдирилган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Дамашқда ўтган жума март ойидан бери кузатилган энг йирик намойишга жавобан катта сонли ҳарбийлар жойлаштирилган.

Сурия Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қабун ва Рукниддин туманларида ҳам худди шундай манзара кузатилганини айтади.

"Рукниддин бутундай иҳоталаб қўйилган", дейди ташкилот ходими Рами Абдул Раҳмон.

"У ерларни минглаб хавфсизлик зобитлари қўриқлашмоқда ва уйларни тинтув қилишмоқда. Одамлар ҳибсга олинмоқда", дея билдиради у.

Фаоллардан яна бири Абунинг Би-би-сига айтишича, Ҳараста ва Думан туманларида алоқа тармоқлари ва электр узиб қўйилган.

Унга кўра, қўшинлар тактикаси ўзгарган кўринади - одамларни уйларида ҳибс қилиш ўрнига "кўчалар ва қаҳвахоналардан ўғирлаб кетишмоқда".

Абу Рамазон ойи олди норозиликларни бостириш амалиётлари кучайтирилиши мумкинлигини башорат қилади.

"Рамазонга яқин қолди ва бу ойда ҳар бир кун жумадек", дейди у. "Ҳукумат Рамазонгача фаолларни тўхтатишга уринмоқда, деб ўйлаймиз".

Пойтахтда намойишларни бостириш амалиётларига қарамай, Суриянинг яна бир қатор минтақаларида жума намозидан сўнг яна юз минглаб одамлар кўчаларга чиқишган.

Фаоллардан бири шарқдаги Дэйр Эззор шаҳарчасида 400,000дан ортиқ киши тўпланганини айтади. Юзлаб одамлар эса, шимоли-шарқда жойлашган Ҳасака вилоятидаги курдлар истиқомад қилувчи шаҳарларда юриш қилишган.

Норозилик намойишлари жануб ва шимоли-ғарбда ҳам кечаётгани айтилади.

Дамашқдан 160 чақирим узоқдаги Ҳомс шаҳри ҳам катта сонли намойишларга саҳна бўлаётгани борасида хабарлар бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service