Жаҳон янгиликлари қисқа сатрларда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сомалидаги Ал-Шабаб исломий жангарилари ўз назоратлари остидаги ҳудудларга хорижий ёрдам олиб келинишига рухсат бермаганлар. Уларга кўра, БМТ мамлакат жанубидаги қурғоқчилик оқибатларини бўрттириб кўрсатмоқда. Жаҳон Озиқ-овқат Ташкилоти эса, очарчиликка юз тутган минтақа аҳолисига зудлик билан ёрдамлар етказилиши кераклигини таъкидлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Малавий расмийлари икки кунлик аксилҳукумат намойишларида нобуд бўлганларни ёппасига дафн қилишга рухсат бермади. Марҳумларнинг яқинлари уларни Мзузу шаҳри марказидаги қаҳрамонлар аркасида дафн этишни хоҳлашганди. Бироқ, Президент маҳаллий расмийларга бунга изн бермаслигига буйруқ берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Югославиядаги уруш даврида рўй берган уруш жиноятларида айбланган охирги шахс Горан Хаджич Гаагада Уруш жиноятлари бўйича халқаро трибуналга юборилган. Собиқда Хорватиядаги серблар дала қўмондони бўлган Хаджич инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Гуржистонда шу ой бошларида Россия фойдасига жосуслик қилиш гумони билан ҳибсга олинган уч сураткаш айбларига иқрор бўлганликлари маълум қилинган. Президент Саакашвили сураткаши дохил ушбу фотожурналистлар шартли қамоқ жазоси ваъда қилиниши эвазига ўзларига қўйилган айбловларни бўйниларига олгани айтилмоқда. Тбилисида қатор журналистлар намойишга чиқиб, сураткашларнинг айбини исботловчи бирон бир далил йўқлигини айтганлар. Москва сураткашларнинг ҳибсга олинишини Россияга қарши васвасасининг яна бир кўриниши сифатида таърифлаган.

Афғонистондаги НАТО кучлари мамлакат шарқидаги Пактико вилоятида элликка яқин жангарини ўлдирганликларини маълум қилганлар. Айтилишича, Ҳаққоний тармоғига тегишли жангарилар фойдаланадиган муваққат қароргоҳни тозалаш учун икки томон ўртасида бир неча соатлик жанг юз берган. Ҳодиса мустақил манбалардан тасдиқланмаган, минтақага телефон алоқасини исёнчилар узиб қўйганлар.

Афғонистон шимолидаги Фарёб вилояти Қайсор туманида йўл бўйига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлган. Бир киши жароҳатланган. Ҳужум масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хитойнинг Хенан вилоятида одамлар тўла автобусга ўт кетиши оқибатида 41 киши ҳалок бўлган. Ҳайдовчи дохил олти кишини қутқариб қолишга муваффақ бўлинган. Аммо, кўплар таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетганлари хабар қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сурияда жума намозидан сўнг навбатдаги аксилҳукумат намойишлари бошланган. Мамлакат ичкарисидаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Ҳама ва Дамашқда кечаётган намойишлар акс этган видеотасвирларни ташқи дунёга жўнатмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Британия Бош вазири Девид Камерунга кўра, News International матбуот ширкати раҳбари Руперт Мердок шахсий телефонларни яширинча эшитиш ҳоллари юзасидан қўшимча саволларга жавоб бериши учун парламентга яна чақирилиши лозим. Жаноб Мердокнинг жорий ҳафта бошларида парламентда берган жавоблари New of the World газетаси собиқ муҳаррири ва ҳимоячилар томонидан савол остига олинган. Бриатнияда чоп этилган ушбу газета телефонларни яширинча эшитиш можароси ортидан ёпиб қўйилди.