Сўнгги янгиланиш 23 июл 2011 - 08:43 GMT

Норвегиядаги ҳужумларда қурбон бўлганлар сони 97 кишига етди

Сўнгги маълумотларга кўра, Ослодаги портлаш ва ёшлар жамлоғидаги отишмаларда 97 киши ҳалок бўлган.

Норвегиялик 32 ёшли ўнг қанот экстремист, деб тасвирланаётган Андерс Беринг Брейвик Осло остонасидаги Утойя оролидаги ёшлар жамлоғига ўт очиши натижасида камида 90 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти ўсмирлардир.

Яна 7 киши Осло марказидаги ҳукумат биноларида юз берган портлашда ҳаётдан кўз юмган.

Яна бир неча киши ҳозиргача бедарак кетган ҳисобланади.

Улар ўқдан қочиб, сув йўли билан оролни тарк этишга уринган пайтлари чўкиб кетган бўлишлари мумкин, деган хавотирлар мавжуд.

Қўш террорчилик ҳужумида гумонланаётган шахснинг ҳимоячиси унинг мижози ўз ҳаракатларини "ваҳшийлик, аммо зарур бўлган амал" деб ҳисоблашини айтган.

Якшанба куни бутун Норвегия бўйлаб қурбонларга мотам маросимлари бўлиб ўтмоқда.

'Жаҳаннам'

Ёшлигида Утойядаги жамлоқда бўлганини айтган Норвегия Бош вазири Йенс Столтенберг унинг болалик хотираларидаги "жаннат жаҳаннамга айлангани"ни айтган.

Столтенберг жаноблари ҳужумларни "миллий фожеа" дея таърифлаган.

Портлашлардан Бош вазир идораси, Нефт вазирлиги ҳамда VG рўзномаси таҳририяти дохил қатор бошқа ишхоналар бинолари жуда катта зиён кўрган

Ослода берган матбуот анжуманида жаноб Столтенберг ҳужумларни "ёмон босинқираш"га ўхшатаркан, "Иккинчи Жаҳон Урушидан бери мамлакатимиз бу каби кўламдаги жиноятдан азият чекмаган эди", деб айтган.

Бош вазирга кўра, ҳужумлар ортида қандай мақсад бўлгани ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта.

Орол яқинидаги Би-би-си мухбири Ричард Галпиннинг айтишича, ўтмишда Норвегия нео-нацист гуруҳлар билан муаммоси бўлган, аммо бу улар кенг миқёсда йўқ қилинган ва катта таҳдид солмайди, деган фикр бўлган.

Ушбу ҳужумлар бир одамнинг ишими ёки йўқлигига ҳали ҳам расмийларнинг ишончлари комил эмас.

Аммо якшанба куни Норвегия полицияси Брейвик ҳужумларда гумон қилинаётган ягона шахс эканини маълум қилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.