Афғонистон: Британ ҳарбийлари болалар жароҳатлангани ҳодисасини текширишни бошлаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Apache тикучарлари ҳужумларида тинч фуқаролар ҳалок бўлгани ҳодисалари сони ҳам ортган

Шанба куни Британия ҳарбийларининг амалиётида болалар яралангани ҳодисаси бўйича текширув бошланган.

Ҳодиса шанба куни Ҳелманд вилоятининг Наҳри Сарож туманида юз берган.

Британ ҳарбийларига кўра, Apache тикучаридан исёнкорни нишонга олган пайтида беш бола жароҳатланган.

Британ ҳарбийларининг Афғонистондаги сўзчиси айтишича, шанба куни Apache тикучари таниқли исёнкорлардан бирининг изига тушган.

Би-би-сига аён бўлишича, гумондор мотоциклга ўтириб қочган.

Тикчардан ўт очилганида қочаётган исёнкорга яқин жойда бўлган болаларга ўқ теккан.

Британ ҳарбийлари сўзчиси ҳарбий амалиётдан тинч фуқаролар жабр кўрганидан чуқур афсусда эканини билдирган.

Ҳодиса бўйича текширув давом этмоқда.

Беш бола яқин атрофдаги шифохонага ётқизилган, уларга Британия ҳарбийларининг базасида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Болаларни Британ ҳарбий шифокорлари даволашда давом этаётганлари хабар қилинган.

БМТ маълумотларига кўра, 2011 йилнинг илк олти ойи Афғонистонда уруш бошланганидан буён тинч фуқаролар учун энг ҳалокатли йил бўлган.

Йил бошидан буён 1400 дан ортиқ қуролсиз инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ҳалок бўлганларнинг аксари исёнкорларнинг ҳаракатларидан ҳаётдан кўз юмганлар, шунингдек, Apache тикучарларидан ҳаводан ўққа тутилганда тинч фуқаролар ўлгани ҳодисалари кўпайгани ҳам айтилган.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай халқаро кучларнинг тинч фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлгани амалиётлари туфайли бир неча марта ўз норозилигини билдирган.