Норвегиядаги ҳужумчи инсониятга қарши жиноятда айбланиши мумкин

Андерс Беринг Брейвик Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Норвегияда жума куни 76 инсонни ўлдирганини тан олган шахс инсониятга қарши жиноятда ҳам айбланиши мумкин.

Қораловчи Кристиан Ҳатлога кўра, ҳозир мамлакат полицияси айни масалани кўриб чиқмоқда.

Андрес Беринг Брейвикка ҳозир террорчиликка оид айбловлар қўйилмоқда.

Мазкур айбловлар билан у 21 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ҳатло жанобларининг матбуотга айтишича, агар Брейвек инсониятга қарши жиноятларда айбдор топилса, унга 30 йиллик қамоқ жазоси белгиланиши эҳтимоли бор.

Норвегия Адлия вазирлиги полициянинг ушбу ишдаги фаолиятини "ажойиб" дея таърифлаган.

"Мен Осло ва бошқа туманлардаги полиция хизматларига миннатдорчилик билдириш имкониятига эга бўлдим", деб айтган Норвегия Адлия вазири Кнут Сторбергет мухбирларга гапираркан.

Матбуотда эса, пойтахтда амалга оширилган портлашлар ортидан Утойя оролига қилинган ҳужумга сусткашлик билан ёндашилгани танқид остига олинганди.

Жабрланганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Прокурор Кристиан Ҳатлонинг матбуотга гапиришича, Брейвикка қарши инсониятга қарши жиноятни содир этганликда айбловини қўйиш ҳозирча “эҳтимол” холос.

Ушбу айблов 2008 йил қабул қилинган қонун асосида илгари сурилиши мумкин.

Полиция воизига кўра: "Полиция ҳозирга қадар...террорга қарши қонунни мисол келтирган, аммо бошқа айбловлар ҳам назардан соқит қилинмаган".

Сешанба куни кечда полиция расман жабрланганлар номларини эълон қилади.

Душанба куни кечқурун Норвегия бўйлаб турли шаҳарлар ва шаҳарчаларда уларни хотирлаш маросимлари бўлиб ўтди.

Пойтахт кўчаларига 250.000га яқин одам чиқишган ва уларнинг аксари Ослодаги портлашлар ва Утойядаги ёшлар жамлоғида нобуд бўлган 76 киши хотирасига гуллар кўтариб олишганди.

Душанбу куни ўнг қанот насроний экстремист Брейвик маҳкамада ҳозир бўлганди.

Унга жамият, ҳукуматга тегишли энг муҳим муассасаларига шикаст етказиш ва аҳоли орасида жиддий қўрқув уйғотиш каби қатор айбловлар қўйилган.

32 ёшли Андерс Беринг Брейвик Ослодаги бомба портлаши ва ёшлар жамлоғи жойлашган Утойя оролидаги отишмани содир этганлигини тан олган, аммо террорга оид айбловларни рад этган.

Брейвик устидан маҳкамани жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун ёпиқ ўтказишга қарор қилинган.

Прокурор Ҳатлонинг айтишича, жаноб Брейвик ўзини бир тармоқ ёки гуруҳда фаолият олиб борганини даъво қилган ҳамда у билан бирга ишлаган яна иккита тармоқ борлигини айтган.

Гарчи, полиция манбалари бошқа гуруҳлар борлиги ҳақиқатга яқин кўрилмайди, аммо Ҳатло жаноблари юз берган ҳодисада "бошқалар ҳам" аралашган бўлиши эҳтимолини бутунлай инкор этиб бўлмайди.

Андерс Беринг Брейвик саккиз ҳафта қамоқда қолдирилади ва илк 4 ҳафта мутлақо иҳоталанган ҳолатда сақланади.

У имкон қадар кўпроқ одам ўлдиришни мақсад қилмагани, аммо иқтидордаги Лейбористлар партияси учун имкон қадар йирикроқ йўқотишлар яратишни истаганини айтади.

Брейвий сўзларига кўра, у Норвегиянинг қудратдаги партияси Лейбористлар партияси оммавий муҳожирликка рухсат бергани учун жазолашни мақсад қилган.

Ослодаги портлашларда Лейбористлар партиясига тегишли бинолар нишонга олинган, Утойядаги жамлоқ ҳам мазкур апртяи тарафидан бошқарилган.

Ҳужумларда қурбонлар билан бирга 100га яқин инсон тан жароҳати олган.