Обама Америка халқини иқтисодий таназзулдан огоҳлантирди

Обама Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Обаманинг айтишича, АҚШ ўз қарзларини тўлай олмаслиги мумкин

Қўшма Штатлар Президенти Барак Обама ва Конгресс раиси-республикачи Жон Бейнер федерал қарзлар билан боғлиқ инқирозда бир-бирларини айблашган.

Обама жаноблари республикачиларни бюджет қисқартиришларда оёқ тираб туриб олганлигини танқид остига оларкан, агар қарз олишдаги чекловлар бекор қилинмаса, оқибатлари ижобий бўлмаслигидан огоҳлантиради.

Бейнер жаноблари эса, АҚШ президентини йўқ пулга қўлга чўзаётганликда айблаб чиққан.

Агар 2 августгача қарз олиш миқдорини кўпайтириш борасида келишувга эришилмаса, Президент Обамага кўра, АҚШ ўз қарзларини тўлай олмаслиги мумкин.

Ҳозирда Америка ҳукумати 14.3 триллиондан ортиқ қарз ололмайди, аммо камомад 1.5 триллионга етган. Бу пул майда ниҳоясига етган, аммо Америка ҳукумати ҳарбийлик маошлари, мавжуд қарзлар учун фойда фоизларини тўлаши лозим.

Молия вазири Тимоти Гейтнер турли йўллар билан тўлаш муддатини 2 августгача узайтиришга муваффақ бўлганди.

Республикачилар ва айрим шарҳловчилар ҳукумат 2 августдан кейин ҳам бунга қодир бўла олишини айтишади.

САВОЛ: Обама маъмурияти нима учун кўпроқ қарз ололмайди?

ЖАВОБ: Чунки, бундай қилиш учун уларга қудрат берилмаган. Ҳукумат оладиган қарзларнинг барчаси Қўшма Штатлар Конституциясига кўра, Конгресс тарафидан маъқулланиши керак.

Илк қарз миқдори 1917 йил Конгресс тарафидан белгиланганди. Ўшанда Биринчи Жаҳон Уруши пайтидаги молиявий саъй-ҳаракатларни осонлаштириш кўзда тутилган.

Аммо, ҳозиргача қарз олиш миқдори ўнлаб маротаба ошириб келинди ва бу одатда расмиятчиликдир.

Конгресс шу билан бирга ҳукуматнинг сарф-харажатлари ва солиқларни ошириш қудратини ҳам белгилаб беради. Бу Обама маъмуриятини имконсиз вазиятга қўяди.

Яъни, ҳукумат даромаддан кўра, кўпроқ сарфлаши талаб қилинади, ўртадаги камомадни қоплаш учун эса, қўшимча қарз олишга қудрати етмайди.

САВОЛ: Ҳозирги муаммо нимада?

ЖАВОБ: Молиявий инқироз ва Қўшма Штатларнинг заиф иқтисодий вазияти туфайли солиқ дарамадлари пастга қараб кетаётган бир пайтда ҳукумат сарф-харажатларини ортиб кетишга олиб келди.

Бунинг ортидан эса, ҳукумат камомадлари, қарз олиш даражаси ортди.

Вакиллар палатасини назорат қилувчи республикачилар эса, дефицитларини қайта жиловлашни исташларини айтишади ва бир келишувга эришилмагунга қадар қарз олиш миқдорини оширмаслик билан таҳдид қилишади.

САВОЛ: Икки томоннинг айни масаладаги қарашлари нақадар фарқ қилади?

ЖАВОБ: Ҳар икки тараф ҳам дефицитларни қисқартириш ўта муҳим деган қарашдалар.

Демократлар муаммони келаси 10 йил ичида сарф-харажатлар миқдорини 3 триллионга қисқартириш ва солиқларни 1 триллионга ошириш эвазига ечишни истайди.

Республикачилар эса, солиқларни оширишга қарши ва бюджет харажатларини каттароқ миқдорда қисқартириш тарафдори.

Республикачилар ҳарбий сарф-харажатларга монеълик кўрсатишмайди ва солиқ даромадларини оширишни исташмайди.