Доғистон президенти матбуот хизмати раҳбари отиб кетилди

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати аскари Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Гарун Курбанов узоқ йиллардан буён Доғистон ҳукуматида юқори лавозимларни эгаллаб келаётганди

Доғистон президенти ахборот сиёсати идораси ва матбуот хизмати бошлиғи Гарун Курбанов чоршанба куни эрталаб Махачкалада ҳалок этилган.

Давлат мулозими эрталабки соат 8:15 ларда ўз уйи яқинида отиб кетилган.

Номаълум шахслар матбуот котиби уйидан чиқиб, хизмат машинаси томон бораётган пайти ўт очганлар.

Курбанов билан бирга унинг ҳайдовчиси ҳам ҳалок бўлган. Ҳужумчилар сони ҳақида хабар қилинмаган.

Жиноят содир этилган жойда ҳозирда қидирув гуруҳи иш олиб бормоқда.

Махачкалада қотилларни тутиш бўйича, "Вулкан-3" номи остида тезкор амалиёт режаси ишлаб чиқилган.

Ҳужум юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Ваҳҳобийлик душмани

Тергов қўмитаси Курбанов ўлими юзасидан бир неча версияни кўриб чиқмоқда.

Доғистонлик журналист Закир Магомедовнинг хабар беришича, президент матбуот котиби ваҳҳбийлик душмани сифатида танилган эди.

Магомедов сўзларига кўра, Курбанов республикада масжидлар сонини қисқартириш бўйича бир неча бор чиқиш қилган.

Гарун Курбанов Миллий сиёсат бўйича вазир вазифасини бажарган пайти эса давлат газеталари таҳририятларидаги ибодатхоналарни беркитган эди.

49 ёшли Гарун Курбанов Доғистон президенти матбуот хизматига 2010 йил мартидан раҳбарлик қилиб келаётганди. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин у бир ярим йил давомида миллий сиёсат, ахборот ва ташқи алоқалар бўйича вазир вазифасини бажарган эди.

РИА Новости хабарига кўра, Курбанов 2003 йилдан 2008 йилга қадар "Доғистон" ахборот кампанияси директори бўлган.

Гарун Курбанов 1990-йилларда "Биржевые вести" газетасига муҳаррирлик қилганди.