Норвегия мусулмонлари ўз келажакларидан ташвишдалар

Норвегия Фото муаллифлик ҳуқуқи reuters

Душанба куни Норвегия пойтахти Ослодаги маҳкама биноси ташқарисида журналистлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари билан бирга Сомали ва Кениядан келиб қолган муҳожирлар ҳам бошқалар каби ичкарида нималар кечаётганини билиш учун туришарди.

Ўтган жума куни мисли кўрилмаган қотилликларни содир этиб, камида 76 инсоннинг умрига зомин бўлганини тан олган Андрес Беринг Брейвик илк бор маҳкамада ҳозир бўлганди.

Ослодаги бомба портлашлари ва Утойя оролидаги ҳужумлар экстемист ирқчи ва Исломофобия ғоялари номидан амалга оширилди ва мақсад мусулмонлар муҳожирларининг Оврўпога келишлари тўхтатиш бўлгани айтилди.

Аммо, Брейвик мусулмонларни тўғридан-тўғри нишонга олиш ўрнига ўзининг пухта ҳозирлаган ҳужумларини иқтидордаги Лейбористлар партияси ва унинг муҳожирликка оид либерал сиёсатига қаратганди.

У айни ҳукумат ва у юргизаётган сиёсатни "муаммо"нинг илдизи деб кўрган.

Жума куни тушдан сўнг ҳужумлар ҳукумат асосий бинолари ташқарисида автомобилга ўрнатиб кетилган бомбалар портлаши билан бошланаркан, Норвегия мусулмонлар жамоаси бу - Исломий жангарилар иши деган тахминда энг ёмон вазият учун тайёр турганди.

Нафақат улар, балки бутун дунё худди шундай гумонда эди.

"Елкадан тоғ ағдарилди, аммо кўпга эмас..."

Меҳтоб Афсар Норвегия Исломий Кенгаши бош котиби вазифасида ишлайди.

У Ослодаги қўрқувга тушган мусулмонлардан телефон қўнғироқлари олган пайт хориж сафаридаги ҳайъатга етакчилик қилаётганди.

"Биз Ослода аллақачон айрим мусулмонлар калтакланганини эшитдик ва қўрқиб кетган аёллар ҳам қўнғироқ қилиб мендан ёрдам сўрашарди", дейди у.

"Мен бунинг нотўғри бўлиб чиқишига умид қилардим", деб эслайди Меҳтоб Афсар.

Ҳужум "aл-Қоида"дан илҳомланган "глобал жиҳод"нинг бир қисми эмаслиги ойдинлашаркан, Норвегиядаги - ҳозирда жами 100,000дан ортиқни ташкил этувчи мусулмонларнинг барчаси енгил тин олди.

Ҳужум сариқ сочли, оқ танли ғирт норвегияликнинг иши бўлиб чиқди.

У Норвегия тарихида кузатилмаган даражада катта сонли одамларни ўлдириш истагида бўлган ва бунга тайёргарлик ҳам кўрганди.

Аммо, Брейвикнинг ҳатти-ҳаракатлари ортидаги бузуқ ғоялар ойдинлашаркан, мусулмонларнинг тинчлиги яна бузилди.

Маҳкама биноси ташқарисида турганлар орасида 12 йил муқаддам Сомалидан Норвегияга келиб қолган Ҳасан Али ҳам бор эди. У 1990 йиллар охирларида Сомалидаги ички урушлар туфайли мамлакатини тарк этган.

Ўшандан бери бу ерда сомалиликлар сони тез суръатда ошди.

Ҳозир Норвегияда яшовчи сомалиликлар 27,000дан ортиқни ташкил этади.

Ҳасан Али ҳужумлардан сўнг ўзини анча ожиз ҳис қилаётган эса-да, ҳодисадан мутлақо ҳайратга тушмаганини айтади.

Ҳасан Алининг айтишича, кейинги ўн йил ичида Норвегияда муҳожирларга қарши ёвқараш мунтазам ўсиб бормоқда.

У бунда парламентда борган сари сони ортаётган ўнг қанот партияларни айблайди. Айниқса, Прогресс Партияси ҳозир парламентдаги иккинчи йирик фирқага айланган.

"Бу ақлдан озган одамнинг (Андрес Беринг Брейвик) мияси ўнг қанот партия томонидан бузилган...ва унинг ғояларига амал қилган...кейин у нимадир қилиши керак бўлган", дейди Ҳасан Али.

"Прогресс Партияси Лейбористларни ҳужумга олаётганига сабаб, улар мусулмонларни мамлакатга олиб келишмоқда ва уларнинг ҳуқуқлари, иш ўринлари ва ижтимоий ўринларини ҳимоя қилишмоқда", дея қўшимча қилади у.

Андрес Брейвик партияга 4 йилдан бери аъзо бўлган.

Аммо, Прогресс Партияси унга таъсир ўтказганини рад этади.

Партияга кўра, унинг ҳатти-ҳаракатлари ва эътиқоди уларнинг сиёсати ҳамда тарғиб қилаётган қадриятларига зиддир.

Салбий муносабатлар

Сомалиликлар ўзларини заиф ҳис қилаётганларига сабаб - улар Норвегиядаги бошқа мусулмон жамоалар, масалан, покистонликлар каби яхши ўрнашиб олишмаган.

"Уч йилдан ортиқроқ вақтдан бери биз бу ерда хушқаршиланмаслигимизни ҳис қилмоқдамиз", дейди Ҳасанд Али.

"Ҳар якшанба куни газеталар сомалиликлар ҳақида фақат салбий нарсаларни ёзишади", дея қўшимча қилади у.

Аммо, бошқа муҳожирлар жамоалари ҳам ўзларига нисбатан "салбий муносабат"дан хавотирда эканларини айтишади.

Олти йил муқаддам Кениядан келган Кеннет жума кунги ҳужумлар амалга оширилган пайт учоқда бўлган.

"Одамлардан бирининг илк айтган гапи-бу муҳожирнинг иши экани ва муҳожирлик тўхтатилиши лозимлиги бўлди", дейди у.

Ҳукумат Оврўподаги бошқа мамлакатлар каби бу ерда ҳам муҳожирликка нисбатан мухолифлик ўсиб бораётганини тан олади.

Бироқ шу билан бирга, ўтган жума куни содир этилган ҳужумлар мамлакат бўйлаб бирдамлик ҳиссини кучайтиришига умид ҳам қилади.