Афғонистон: Ҳелманддаги портлашда 18 инсон нобуд бўлди

Полицияга кўра, Афғонистон жанубида жойлашган Ҳелманд вилоятидаги йўл четида юз берган портлаш камида 18 инсоннинг умрига зомин бўлган.

Вилоят маркази Лашкаргоҳга кетаётган кичик автобус Наҳр-и-Сараж минтақасида бомбага дуч келган.

Ҳаётдан кўз юмган йўловчилар орасида аёллар ва болалар ҳам бўлгани хабар қилинади.

Йўл четида бомба кўмиб кетиш Толибоннинг НАТО етакчилигидаги кучларга қарши одатий кураш усулидир.

2011 йилнинг илк олти ойи Афғонистонда уруш бошланганидан буёнги энг ҳалокатли давр бўлгани айтилади.

'Полиция нишонга олган'

Полиция бошлиғи ўринбосари Камолиддин Шерзайга кўра, полиция ҳодиса жойига етиб борган.

"Биз портлаш саҳнасидан олган хабарларда автобусдаги барча 18 киши нобуд бўлганига ишора қилинди", дейди у.

"Ҳозиргача биз бир аёл ва 3 эркакнинг жасадини аниқлашга муваффақ бўлдик", дея қўшимча қилган полиция хизмати расмийси Камолиддин Шерзай.

Унинг айтишича, исёнкорлар ҳодиса жойига етиб борган полиция ходимларига қарата ўқ узишган, аммо ҳеч ким яраланмаган.

Афғонистонда йиллар давомида бу кўламдаги инсоний талофатлар кузатилмаганди.

БМТ томонидан яқинда эълон қилинган ҳисоботга кўра, жорий йилнинг январидан июнигача 1, 462 киши ҳаётдан кўз юмган.

Бу ўтган йилнинг худди шу давридагига нисбатан 15 фоизга кўпдир.

Мухбирларга кўра, йўллар борган сари Афғонистон урушидаги жабҳа чизиғига айланиб бормоқда.

Ўтган йил 2, 400дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган. Йўл четида кўмилган бомбалар аксар ўлим ҳолларига сабаб бўлганди.