Ўрузгонда ўлдирилган Би-би-си мухбири Аҳмад Умид Хполвокни хотирлаб...

Аҳмад Умид Кҳполвок
Image caption Аҳмад Умид Кҳполвок бор-йўғи 25 ёшда эди

Афғонистон жанубидаги Ўрузгон вилоятида ҳалок этилган Аҳмад Умид Хполвок Би-би-си Пуштун Хизмати мухбири эди. Би-би-си Жаҳон Хизматининг Кобул бюроси муҳаррири Довуд Аъзами ҳамкасби ҳақидаги хотираларини ҳикоя қилади.

Ўлдирилган куни эрталаб Умид Би-би-си Пуштун Хизмати учун хабар тайёрлаганди. Бу унинг охирги хабари бўлди.

"Азиз Би-би-си тингловчилари, - деб бошлаганди у ўз хабарини, - мен 1,700та янги уй-жой барпо этилаётган тумандаман. Маҳаллий одамлар ҳозир ишлари борлиги ва шаҳарчалари қайта қурилаётганини айтишади".

Ўша куни кечроқ Умид вилоят маркази Тарин Котдаги радио ва телевидение станциясига борган. Умид у ердан интернетга кириш ва радиолавҳаларини кесиш учун фойдаланарди.

'Агар ўлсам, мен учун дуо қил'

Худкуш ҳужумчилар ва бошқа жангарилар ҳужумларини бошлаган маҳал у ичкарида бўлган. Акаси қўл телефонидан у икки марта хат ёзганини айтади. Биринчиси шундай эди: "Мен яшириниб ўтирибман. Ўлим келди". Иккинчиси: "Агар ўлсам, мен учун дуо қил".

Кечқурун Умиднинг яқинлари унинг жанозасида иштирок этишди. Улар жасадга 11та ўқ текканини айтишди.

Кўплаб афғон фуқаролари каби у бехайр жойга бемаврид бориб қолганди ва бунинг учун ҳаёти билан тавон тўлади.

Умид яқинда уйланганди. Қизчаси бор-йўғи 3 ойлик.

Умид эндигина 25га кирганди, аммо ҳаёти давомида турли шиддатли воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлган ва бу ҳол уни ҳақиқий ёшига нисбатан анчайин улғайтириб қўйганди.

У жуда одобли ва нозик табиатли эди. Узоқ сукут сақлаб, суҳбатдошини тинглай оларди. Шу билан бирга у қувноқ эди, ажойиб ҳазиллари билан барчамизни кулдирарди. Умид ўлимга ҳар куни гувоҳ бўларди. Мен инсоннинг шу қадар нотинч муҳитда яшаб туриб ҳам ўзини шунчалар бахтиёр тута олиши мумкинлигидан ҳайратлангандим.

У атрофида нималар юз бераётганидан яхши бохабар эди ва ўз дунёсини бошқалар билан баҳам кўрарди.

Умид ўз хабарларини эҳтиёткорлик билан, Би-би-си принципларини назардан қочирмаган ҳолда, холис, мувозанатни сақлаб, аниқ ва тўғри узатарди.

Унинг хабарлари инглиззабон тингловчиларга ҳам етиб борганди. Махсус дастурлардан бирида у бир неча соат сафар қилиб, Ўрузгон вилояти ҳокимини саволга тутганди. Дастур хавфсизлик хавотирлари қайта қуриш ишларини барбод қилаётгани ҳақида эди.

'Сиз Худо эмассиз'

Баъзан у менга қўнғироқ қилиб, исёнкорлар қўмондони уларнинг ҳужуми ёки қарашлари ҳақида хабар бермагани учун таҳдид қилгани ҳақида айтарди. Бошқа пайтлар маҳаллий расмийлар шикоят қилишганди.

Бу иккимиз учун ҳам қийин эди. Эсимда, бир гал у менга маҳаллий жангарилар қўмондони билан телефонда тортишиб қолгани ҳақида айтиб берганди.

Мен ундан тафсилотларни сўрадим. У: "Мен қўмондонга қўлидан келганини қилишни айтдим. Сиз Худо эмассиз, дедим", дея ҳикоя қилганди.

Бир неча марта ўзим Толибон воизи ва афғон расмийларига қўнғироқ қилиб, қонун-қоидаларимиз ва кўрсатмаларимизни тушунтиришимга ва нимадир ёритилмай қолгани учун мухбирларимизни айблашлари керак эмаслигини тушунтиришимга тўғри келган.

Умид Афғонистонда ўлдирилган учинчи Би-би-си мухбиридир. Мирвайс Жалил 1990 йиллардаги ички урушлар пайти ҳалок этилганди. Абдул Самад Руҳонийни уч йил муқаддам Ҳелманд вилоятида номаълум қуроллилар ўлдириб кетишди.

Бир неча ойгина бурун мен Вашингтондаги янгиликлар ва журналистика музейини бориб кўргандим. У ерда марҳум журналистлар хотира бурчаги бор.

Бошқа ҳамкасблар қаторида Абдул Самад Руҳонийнинг номига ҳам кўзим тушганди. Ва мен тез орада Умиднинг ҳам исми бу ерга тиркалишини хаёлимнинг бир четига ҳам келтирмагандим.

Унинг ортидан ота-онаси, рафиқаси ва чақалоқ қизи, акаси ва уч синглиси қолди...