Британия: Би-би-си ходимлари яна иш ташладилар

Image caption Бу охирги ойдаги Би-би-си ходимларининг иккинчи иш ташлаши

Британия Радио корпорацияси - Би-би-си журналистлари иш ўринларини қисқартиришга қарши иккинчи 24 соатлик иш ташлашга чиқишди.

Маҳаллий журналистлар иттифоқи аъзолари иш ташлашни душанба куни ярим тундаёқ бошлашган.

Сешанба кундан эътиборан улар "қоидага биноан"ишлаш тартибига, яъники хизмат вазифаларига мувофиқ бўлмаган ҳар қандай ишни бажармасликка ўтишмоқчи.

Касаба уюшмаси раҳбарларига кўра, Би-би-си раҳбарияти иш ўринларини қисқартириш муаммосини ечишга жиддий кўз билан қарамаяпти.

Корпорация раҳбарияти эса ўз ихтиёри билан бўшаш таклиф этилган ходимлар илгари сураётган талаблар мақсадга мувофиқ эмас, дейди.

Шу йилнинг 15 июлида ҳам Би-би-си ходимлари иш ташлашган, бу корпорация телекўрсатувлари ва радио эшиттиришларига маълум даражада таъсир қилган бўлса-да, корпорация матбуот котиби бу таъсир кутилганидан анча заиф бўлганини айтган.

Би-би-сининг бизнес ишлари бўйича директори Люси Адамснинг ходимларга юборган мактубида айтилишича, корпорация раҳбарияти охирги ҳафталарда касаба уюшмалари раҳбарлари билан "кўтарилган масалаларни ҳал этиш" бўйича доимий мулоқотда бўлиб турган.

"Давлат томонидан молиялаш сезирларли қисқартирилгани натижасида Жаҳон хизмати ва Би-би-си Мониторингда 387 ишчи ўринларини қисқартиришга тўғри келди, бу эса афсуски, 100 ходимнинг ишдан кетиши дегани. Биз қисқартиришга учраган барча ходимларимизни янги ишга жойлаштириш ва қўшимча ўқишларга кўмаклашиш борасида ишлаяпмиз. Лекин биз уларнинг баъзиларига касаба уюшмаси аъзолари бўлгани учун алоҳида имконият беролмаймиз", деб айтган Люси Адамс.

Касаба уюшмалари аъзолари Би-би-си раҳбариятини юқори малакали ва тажрибали ходимларни бўшатиш билан минглаб фунт-стерлингни ҳавога совуришда айблайдилар, уларнинг фикрича, иш бор жойларга бу ходимларни жойлаштириш мумкин эди.