'Қозоғистонлик алпинистлардан жиноий айбловлар олиб ташланган'

Image caption Сайрам чўққисига чиқмоқчи бўлган алпинистлар 14 июлда ҳибсга олинганлар

Июл ойи ўртасидан Ўзбекистон ҳибсхонасида ушлаб турилган қозоғистонлик ёши катта тўрт алпинист ҳам қўйиб юборилганлар, улар жиноий эмас, маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида маълум қилганлар Қозоғистон расмийлари.

Алпинистлар Чимкентдаги яқинлари билан кўришганлар.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчилиги бош консули Бабур Давронбекка иқтибосан Қозоғистон оммавий ахборот агентликлари хабар қилишича, тўрт кишига қўйилган чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва ноқонуний қурол-яроғ олиб юриш айблови олиб ташлангани ҳақида Тошкент вилояти Бўстонлик туман прокурори маълум қилган.

30 июл куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Тошкент шаҳрига яқин вояга етмаганларни тутиб туриш марказида бўлган тўққиз қозоғистонлик ўспиринни озод этган эди.

10 июлда Чимкент шаҳрида истиқомат қиладиган алпинистлар гуруҳи Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасига яқин Сайрам чўққисига чиқишга қарор қилиб, йўлга тушадилар.

Яқинларига кўра, гуруҳда ёши 9 дан 15 гача бўлган 9 ўспирин бўлган ва уларга тўрт киши катталар етакчилик қилган.

Улар 20 июл куни ортга қайтиш режаси билан кетганлар.

Бироқ, алпинистлар белгиланган пайтда қайтмагач, яқинлари Фавқулодда вазиятлар идорасига мурожаат этганлар, Қозоғистон жанубида қидирув ишлари ишлари бошланган.

Кейинчалик Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари томонидан 14-июлда ушлангани маълум бўлган.

Жанубий Қозоғистон бўйича Фавқулодда ҳолатлар департаменти матбуот хизмати бош мутахассиси Армон Асибековнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистон фуқаролари тоғли сўқмоқларда адашиб, Ўзбекистон ҳудудига ўтиб қолган бўлишлари мумкин.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга нота йўллаб, Қозоғистон фуқароларининг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ талаб қилган.

Қозоғистон саъй-ҳаракатларини мамлакат Бош вазири Карим Масимовнинг шахсан ўзи назоратга олгани хабар қилинган.

Қозоғистон расмийларига кўра, Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ушлаб турилган тўрт Қозоғистон фуқаросини Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва қурол олиб киришда айблашган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими Иляс Омаров Би-би-сига қозоғистонликлардан бирида ов милтиғи бўлганини тасдиқлади.

Қурол эгасида, Иляс Омаровнинг айтишича, қонуний олиб юришга изн берувчи ҳужжатлар бўлган.