Адмирал Маллен: Афғон чегараси жаҳондаги энг хавфли жой

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америка армияси штаблар бошлиқларининг Бирлашган қўмитаси раҳбари адмирал Майк Маллен, Покистонни минтақада зўравонликларни ўт олдиришда, унинг ўзи айтмоқчи, проксилардан фойдаланишни бас қилишга чақирган.

Би-би-си билан суҳбатда адмирал Майк Маллен Покистондан Ҳаққоний тармоғи сингари "Ал-Қоида" иттифоқчиларига қарши кескин чоралар кўришга чақирган.

Адмирал Маллен сўзларига кўра, Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош ҳудудлари жаҳондаги энг хавфли ҳудуд бўлиб қолаятпи, у бу жойларни "терроризм эпицентри" деб атаган.

Адмирал Майк Маллен Покистонга мурожаат қилиб, жангарилар учун бехавотир паноҳгоҳ бўлиб хизмат қилаётган жойларга чек қўйишни чақирган.

Охирги кунларда Адмирал Маллен Афғонистоннинг жануби ва шарқий ҳудудларида жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига ташриф буюрган.

Ушбу ташриф адмирал Малленнинг армия штаблар бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раҳбари сифатидаги сўнгги ташрифи бўлади, у яқинда лавозимидан истеъфога чиқмоқда. Адмирал Малленнинг айтишича, унинг энг катта хавотири - Покистоннинг Афғон чегарасига туташ қавмлар ҳудуди ҳамон беқарорликка сабаб бўлиб қолаётганидир.

"Усама бин Лодиннинг ўлдирилганига қарамасдан, бин Лодиннинг кўплаб сафдошлари ҳали ҳам бу ҳудудлардаги амалиётларни ташкиллаштираяптилар", деган Америка адмирали.

Жаноб Малленнинг айтишича, Покистоннинг етакчи ҳарбий раҳбарлари билан учрашган пайтида у ўзининг хавотирларини билдирган.

"Мен шуни ўргандимки, балки мен озгина сабрсиз бўлсам керак ва мен нарсалар тез юз беришини истайман. Уларнинг сабрлари бошқача ва биз баъзан қачон олдинга силжиш масаласида фикрларимиз ҳар жойдан чиқади. Аммо шуни айтиш керакки, бу уларнинг - Покистон ҳарбийларининг қарори бўлиши керак. Лекин бу дегани биз бу масалаларни кўтармаймиз, дегани эмас", деб айтган Америка адмирали.

"Покистон турли гуруҳларга қарши амалиётларда ўзининг аскарларини йўқотди. Аммо улар Афғон Ҳаққоний тармоғига ўхшаган террорчиларга қарши боришмас экан, бу нарса Вашингтон билан Исломобод алоқаларига таъсир кўрсатади", деб айтган адмирал Маллен.

Етакчи ҳарбий мулозим Қўшма Штатлар кучларининг май ойида Усама бин Лодинни ўлдиргин ва Покистон ҳарбийларининг юзини ерга қаратган рейд туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолаётганини эътироф этган.

"Лекин жавоб алоқаларни бузишда эмас", деб айтган адмирал.

Покистон расмийлари айтишларича, қавмлар назоратидаги ҳудудларда ўзларининг стратегик манфаатлари ва стратегик ёндашувлари мавжуд.

Буни яхши тушунишини айтган адмирал Майк Маллен, агар беқарорлик янада кучаядиган бўлса, бу атрофдаги ҳамма учун жиддий мушкуллик бўлади, деб айтган.