Россия Ички ишлар вазири барча мактаб ва боғчаларни текширишга буйруқ берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россия полицияси мактаб ва болалар боғчаларини текширишни бошлаган

Комсомолск-на-Амуре шаҳридаги болалар боғчасида қўлбола портловчи модда портлаши ортидан Россия Ички ишлар вазири барча мактаб ва боғчаларни текширишга буйруқ берган.

Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, болалар боғчасига юборилган қути совға лентаси билан ўралган бўлган, қутини беш яшар қизалоқ очганида портлаб кетган.

Расмийларга кўра, портловчи модда қисман портлаган ва жароҳатлар олган қизча шифохонага ётқизилган.

Шифокорлар қизчанинг айниқса қўллари ва кўзлари кўп куйганини айтганлар.

Қизчанинг аҳволи ўртача оғирликдаги жароҳат олган, деб ташхисланган.

Терговчилар айтишларича, портловчи модданинг кучи 7 грамм тротил моддасига тенг бўлган, бироқ тўла портламаган.

"Портловчи модданинг ичига металл симлари бўлаклари ва михлар ҳам солинган", деб айтган Хабаровск ўлкаси полицияси раҳбарларидан бири генерал-майор Андрей Сергеев.

Хабарларга кўра, портлаш юз берган пайтда қизчанинг олдида яна бир неча бола ҳамда болалардан бирининг онаси бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, Комсомолск-на-Амуре шаҳрида истиқомат қилган 27 ёшли шахс ҳибсга олинган ва у ушбу ҳужумни уюштирганини тан олган.

Шундан сўнг Ички ишлар вазири Россиядаги барча мактаб ва болалар боғчаларини текшириш буйруғини берган.