БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурия ҳукумати амалиётларини қоралади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгаши бир неча кунлик баҳслардан кейин Сурия ҳукуматининг аксилҳукумат намойишларини бостириш амалиётларини қораловчи баёнот қабул қилди.

Бу Хавфсизлик Кенгашининг аксилҳукумат намойишлар бошланганидан буён Сурия ҳукуматини илк бор қоралаши бўлди.

Баёнотда ёзилишича, Хавфсизлик Кенгаши "инсон ҳуқуқларининг кенг миқёсда поймол этилиши ва Сурия расмийлари томонидан тинч фуқароларга куч қўлланганини қоралайди".

Зўравонликлар учун масъуллар жавобгарликка тортилиши лозим, дейилади баёнотда.

Би-би-сининг БМТдаги мухбири Барбара Плеттнинг хабар қилишича, Оврўпо Иттифоқи мамлакатлари Хавфсизлик Кенгашининг баёноти бундан-да кескин тилда бўлишини хоҳлашган, бироқ Кенгашнинг баъзи аъзолари эса умуман Сурия ҳукумати танқид қилинишига қарши чиқишган.

Айни пайтда Сурия армияси танклари Ҳама шаҳри марказидаги Аси хиёбонига кириб борган.

Шаҳардан олинаётган хабарларга кўра, ҳукумат қўшинлари Ҳамага ҳужумларни бошлаган 31 июл кунидан буён камида 140 инсон ҳалок бўлган.

Чоршанба тунида Рамазон ойининг Таровиҳ намозларидан кейин Суриянинг қатор шаҳарларида йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Фаолларнинг айтишларича, мамлакат шарқидаги Дейр ал-Зоур шаҳрида 50 минг, Дума шаҳрида 20 минг ҳам Ҳомс шаҳрида 40 минг киши кўчаларга чиққан.

Дамашқ, Дераа ва Палмира шаҳарларида намойишчиларга ҳарбийларнинг ўқ отиши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган.