'Дубай минорасида бўлсангиз, ифторликни уч дақиқа кеч бошланг!'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дубайнинг етакчи уламолари чиқарган фатвога кўра, баланд бино тепасида яшайдиган мусулмонлар муқаддас Рамазон ойида пастдагиларга нисбатан кўпроқ вақт рўза тутишлари лозим.

Мисол учун, дунёнинг энг баланд биноси ёки минораси ҳисобланадиган "Бурж Халифа"нинг энг юқорисида бўлганларнинг "оғиз очиши" уч дақиқа кейин бўлмоғи лозим.

Муқаддас Рамазон ойида мусулмонлар субҳи содиқдан қуёш ботгунича ейиш-ичишдан чекланишлари кўпчиликка маълум.

"Бурж Халифа"нинг баландлиги қарийб бир километр. Бу дегани, ердаги инсонлар қуёш ботишини кўрган пайтларида юқори қаватдагиларга қуёш ҳамон кўриниб туради", деб айтган Дубай уламоларидан бири Аҳмад Абдулазиз ал-Ҳаддод.

Фатво ортидан яна бир уламо Муҳаммад ал-Қубайсийдан иқтибос келтиришларича, кимки 80-қаватдан юқорида яшаса, қўшимча икки дақиқа, 150-қаватдан юқорида бўлганлар эса уч дақиқа кўп рўза тутишлари керак, ундан сўнг овқат ейишлари ёки ичимлик ичишлари мумкин.

Дубай фахри саналган "Бурж Халифа" биносининг баландлиги 828 метр бўлиб, 160 қаватдан иборат.

Энг баланд бино 2010 йил бошида фойдаланишга топширилган.

Бино қурилиши 2004 йилда бошланган, қуриб битказилганида қатор кўрсаткичлар бўйича дунёда рекорд ўрнатилган бино эканлиги эълон қилинган.

"Бурж Халифа"ни қаватлари энг кўп бино, энг узун лифт ўрнатилган бино, энг баланд томоша майдончаси ўрнатилган, дунёнинг энг баланд масжиди ва дунёнинг энг баланд ҳовузи ўрнатилган бино эканлиги даъво қилинган.

Бассейн бинонинг 76-қаватида, томоша майдончаси 124-қаватда, масжид эса 158-қаватда жойлашган.

Қурилиши пайтида у "Бурж Дубай" деб аталган, бироқ очилиш маросими пайтида Бирлашган Араб Амирликларининг Президенти ва Абу Даби Амири Шайх Халифа бин Зоид Ол Ноҳаён шарафига "Бурж Халифа" деб номланиши эълон қилинган.

Бинода 1000 дан ортиқ турар-жой квартиралари бор.

Дубай уламоларига кўра, юқоридагилар пастдагиларга кўра кечроқ ифторлик қилишларига ўхшаш ҳолатлар Фиқҳ тарихида олдин ҳам бўлган.

Ушбу қоидадан келиб чиқиб тоғлик жойда истиқомат қиладиган инсонлар рўзаси ҳам нисбатан узоқроқ давом этиши лозимлиги ҳақида айтган Муҳаммад ал-Қубайсий.