Украина: Тимошенко тарафдорларининг чодирлар шаҳарчаси ўраб олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Юлия Тимошенко тарафдорларининг чодирлар шаҳарчасини милиция ўраб олди

Ҳибсга олинган собиқ бош вазир Юлия Тимошенко тарафдорлари норозилик изҳори сифатида Киев шаҳрининг икки жойида чодирлар шаҳарчаси тикишган, бу жойларни милиция ўраб олган.

Тарафдорлар худди 2004 йилдаги "Норинж инқилоби"дек икки жойида - Тимошенко хонимни ҳибсга олиш қарорини берган маҳкама биноси ва у ҳибсда сақланаётган изолятор олдида чодирлар шаҳарчасини қуриб олишган.

Бу жойларда оммавий тадбирларни ўтказмаслик тўғрисида Киев шаҳар маҳкамаси қарор чиқарган, бу қарор бўйича бундай оммавий норозилик акцияси ноқонуний деб кўрилади.

Киев милицияси Тимошенко тарафдорларининг чодир шаҳарчасини бузмоқчи эмаслигини айтган, собиқ бош вазир раҳбари ҳисобланадиган "Батковшина" мухолифат партияси Киев маҳкамаси устидан шикоят қилмоқчи эканини айтган.

Эртага, 8 август куни Украинадаги мухолифат бирлашмаси "Обшее дело" Юлия Тимошенконинг қамоққа олинишига қарши йирик норозилик амалиёти ташкил этишлари ҳақида эълон қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Unian
Image caption Тимошенко ҳибсга олинишига сабаб қилиб унинг судга нисбатан ҳурматсизлиги деб кўрсатилди

Юлия Тимошенкони жума куни кечга яқин Киевнинг Печёрский маҳкамасидан қамоқхонага олиб кетишди.

Маҳкама ҳаками бу қарорини Юлия Тимошенко хонимнинг маҳкамага ҳурматсизлигига қарши чора сифатида изоҳлаган.

Ҳакамга кўра, Тимошенко хоним ўзининг қаерда яшаши ҳақидаги саволга жавоб бермаган, ўша куни маҳкамага кечикиб келган, нега кечиккани сабабини тушунтирмаган.

Маҳкама қарорига кўра, Юлия Тимошенко маҳкама жараёни қоидаларини мунтазам бузиб келган ва атайин маҳкама жараёнини чўзган.

Хорижда Украина собиқ бош вазирининг ҳибсга олиниши сиёсий ҳибс, дея таърифланди.

Оврўпо парламенти президенти Ежи Бузик бу ҳибсдан хавотирда эканини изҳор этган.

АҚШнинг Украинадаги элчихонаси баёнот тарқатган, бу баёнотда ёзилишича, "собиқ бош вазир Юлия Тимошенконинг ҳибсга олиниши халқаро ҳамжамиятнинг Украинада қонун устуворлиги борасидаги ҳамда бу янги сиёсий таъқибларни пайдо қилиши мумкин, деган хавотирларига сабаб бўлди".

Америкалик Республикачи сенатор, Барак Обаманинг президентлик сайловидаги рақиби Джон Маккейн бу ҳибсни "асосий ҳуқуқларнинг бузилиши", деб атаган, Тимошенкони "демократик мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ҳимоя қилиши керак", деб айтган.

Аммо Юлия Тимошенко 2004 йилдаги Норинж инқилобида қарши чиққан бош вазир, бугун эса Украина Президенти Виктор Янукович маъмурияти бу ҳибсга ўзларининг алоқаси йўқлигини, конституцияда белгиланганидек, суд ҳокимияти ишига аралашмаслиги ҳақида баёнот эълон қилган.

Юлия Тимошенкога маҳкамада қўйилган айбловлар асосан унинг Украина бош вазири бўлган йилларидаги фаолияти билан боғлиқ.

Хусусан, Тимошенко хоним қўл остида бўлган ширкатларнинг Россиядан Украина учун табиий газни қиммат нархда сотиб олгани, мамлакат учун тез тиббий ёрдам машиналари нархи оширилган ҳолда харид қилингани ва зарарли газларни камайтириш учун Киото битими бўйича Украинага берилган маблағларни ноқонуний сарфлаш айбловлари бор.