Лондондаги ғалаён ортидан талон-тарожлик шаҳар бўйлаб тарқалган

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1
Image caption Иккинчи тундирки давом этган тартибсизликларда қатор дўконлар талон-тарож қилинди

Британияда полиция Тоттенҳем мавзесидаги ғалаён ва тартибсизликлар ортидан Лондоннинг турли қисмларида юзага келган "жиноий амаллар"ни қоралаган.

Иккинчи кундирки давом этган зўравонликларда полициячилар ҳужумга олиниши, полиция автомобилларига шикаст етказилиши ва Лондон бўйлаб дўконлар талон-тарож қилиниши ортидан 100дан ошиқ инсон ҳибсга олинган.

Тартибсизликлар Лондон шимолидаги Энфилд, Уолтомстоу ва Уолтам Форест, ҳамда Лондон жанубидаги Брикстон мавзеларига тарқаган.

Икки тун давомида 35 нафарча полициячилар яраланган.

Уч зобит Уолтам Форестда гумондорларни ҳибсга олишга уринаётганларида, уларга автомобил келиб урилиши натижасида жароҳат олганлар.

Якшанба оқшомида Энфилдда дўконлар деразалари синдирилиб, полиция автомобилларига шикаст етказилар экан, тўқнашувлар юзага келган.

"Янги кроссовкалар"

Лондон жанубидаги Брикстон мавзесининг Колдхарбор Лейн ва Ҳай Стрит кўчаларида 200га яқин ўсмир ва ёшларнинг дўконларни талаб, полицияга ҳужум қилаётгани ҳабар қилинган.

Лондоннинг Метрополитан полицияси Лондон бўйлаб қатор "нусхаланган жиноий амаллар"га қарши чора кўрганини билдирди. Жумладан:

Соат тунги 00:45да Уолтам Форестда автомобил зарбасидан уч полиция зобити жароҳат олган.

Уолтомстоу ва Уолтам Форестда 30дан ошиқ ёшлар қатор дўконларни талон-тарож қилганлар.

Лондон марказидаги Оксфорд Серкус ҳудудида 50дан ошиқ ёшлар бузғунчилик қилганлар.

Лондон шимолидаги Излингтон туманида полиция автомобили ҳужумга учраган.

Пондерс Энд кўчасида Теско супермаркети ҳужумга олиниб, талон-тарож қилинган. Метрополитан полицияси қўмондони Адриан Хансток бу одамлар қандайдир маҳалланинг розилиги билан норозилик изҳор қилаётган гуруҳлар эмаслигини айтди.

"Бу шахслар маҳаллалар, бизнеслар, инсонларнинг мол-мулки ва уйларига ҳужум қилиб, ўта йирик кўламда ҳафагарчиликни келтириб чиқараётган одамлар," деди у.

Лондон ҳокими муовини Кит Молтхаус ўта ларзага келганини билдирди.

"Афтидан бу шаҳарда, афсуски, зўравонликни истаган, бошбошдоқлик ҳиссини келтириб чиқариш учун ўғирлаш ва биноларга ўт қўйишга қарор қилган одамлар бор. Улар анархистлар, уюшган жиноятчилар, ёки, тўғрисини айтганда, янги кроссовкаларни истаб қолган ўсмирлар бўлиши мумкин," деди у.

Илк ғалаён шанба куни ундан икки кун аввал полиция томонидан отиб ўлдирилган гумондор, 27 ёшар Марк Дагген ўлимидан норози намойишлар билан бошланган.