Саудия Арабистони Суриядаги элчисини қайтариб олмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳукумат ишғолига қарамай, Сурияда намойишлар давом этмоқда

Саудия Арабистони Суриянинг аксил-ҳукумат намойишчиларни ўлдиришига норозилик сифатида Дамашқдаги элчисини қайтариб олаётганини билдирган.

Подшоҳ Абдуллоҳ Суриядаги зўравонлик "номақбул" эканини айтган ва кеч бўлмасидан унинг тўхтатилишига чақирган.

Бу Саудия Арабистонининг ўтмишда Сурияга берган дастакларига зид равишда Президент Башар ал Ассадга қўйилаётган халқаро босимнинг кескин ошишини англатади.

"Ҳар қандай ақли расо араб, мусулмон ё бошқа инсон биладики, бу вазиятнинг дин ёки аҳлоққа алоқаси йўқ. Бегуноҳ инсонларнинг қонини, қандай сабаблар билан бўлмасин, тўкиш ҳеч кимни умидвор қилмайди," дейилади ал Арабия Саудий сателлит каналида янграган баёнотда.

"Сурияда юз бераётган воқеалар Саудия Арабистони учун номақбулдир," дейилади унда. "Сурия келажаги учун икки танлов бор: у ё оқилона йўлни танлайди, ёки бошбошдоқлик ва йўқотишлар домига тортилади."

Подшоҳ Абдуллонинг чақириғидан бир неча соат аввал Араб Лигаси илк марта зўравонликларни қаттиқ қоралаб расмий баёнот чиқарган.

Талафот кўлами

Суриялик фаолларга кўра, якшанба куни армия мамлакат шарқи ва марказида ҳарбий амалиётларни ўтказар экан, 80дан ошиқ инсон ҳалок бўлган.

Улар танклар ва қуролли машиналар билан жиҳозланган аскарлар Дейр ал Зур шаҳрига бомдод намози чоғида бостириб кирганларида 50дан ошиқ инсон нобуд бўлган.

Шаҳар яшовчиларидан бири Би-би-сига танклар шаҳардан чиқиб кетгани, бироқ улар қайтиши мумкинлигидан ҳавотирлар борлигини айтган.

Ҳомс шаҳри яқинидаги Ҳулада 10 ёшар бола дохил 26 киши ҳалок бўлган. Шимоли-ғарбдаги Идлибда ҳам талафотлар хабар қилинган.

Намойишларни уюштирадиган ва ҳужжатлаштирадиган Маҳаллий Мувофиқлаштириш Қўмиталари қуёш ботиши ортидан минглаб намойишчилар Дамашқ ва унинг атрофлари, Ҳомс, Алеппо, Латакия ва бошқа шаҳарлар ва қишлоқлар кўчаларига ёғилиб чиққанлар.

Фаолларга кўра, қўзғолонлар март ойи ўртасида бошланганидан бери камида 1700 оддий фуқаро ўлдирилган, ўн минглаб одамлар ҳибсга олинган.

Сурияга хорижий журналистларнинг киритилиши кескин чекланган, шундай экан гувоҳлар ва фаолларнинг кўрсатмаларини мустақил тарзда тасдиқлаш жуда қийин.

Президент Ассад ҳукумат ислоҳотларни амалга ошираётганини урғулайди. У зўравонликларда хорижий кучлар томонидан дастакланган "қуролли террорчи гуруҳлар"ни айблайди.