'Қийноққа солинган' икки америкалик Доналд Рамсфелдни маҳкамага тортмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Маҳкама чиқарган қарорга кўра, Американинг қўриқчи компаниясининг икки собиқ ходими собиқ мудофаа вазири Доналд Рамсфелдни Ироқдаги қийноқларга алоқадорлиги учун маҳкамага тортишлари мумкин.

АҚШ фуқаролари Доналд Вэнс ва Натан Эртелнинг айтишича, улар бир неча ой мобайнида АҚШ ҳарбийлари қўли остида оғир шароитларда ҳибсда сақланганлар.

Улар бошлиқларининг ноқонуний ишларини фош қилишга уринишлари орқасидан қўлга олинганлар.

Федерал апелляция судининг душанба куни чиқарган қарорига кўра, бу сафар собиқ мудофаа вазирининг ҳимоя дахлсизлиги таъминланмайди.

"Гувоҳларнинг айтишича, Рамсфелд шахсан жорий этган сиёсат ҳибсга олинганларнинг конституцион ҳуқуқларини бузилишига сабаб бўлганига етарлича далиллар мавжуд. Ҳибсдагилар жуда совуқ хоналарда иссиқ кийимларсиз сақланганлар, сувсиз ва оч-наҳор, тунларни эса уйқусиз ўтказганлар, қийноқларга солинганлар. Ниҳоят Боғдод аэропортига олиб келинганда ҳам уларнинг хавфсизлиги таъминланмаган. Вэнс ва Эртелнинг даъво қилишларича, улар ўз давлатларининг қўли остида кўрган кечирганлари таъсирида руҳан ва жисмонан эзилган аҳволда қолганлар, дейилади маҳкама қарорида.

Кейинчалик эса улар собиқ президент Жорж Буш ҳукуматида 2001 йилдан 2006 йилгача мудофаа вазири бўлган жаноб Рамсфелдни ва яна номи айтилмаган расмийларни маҳкамага тортганлар.

Жаноб Рамсфелдга нисбатан жиноий иш кўриб чиқилиши олдини олиш мақсадида собиқ президент Буш ва АҚШнинг жорий Президенти Барак Обама маъмурияти Доналд Рамсфелднинг мудофаа вазири бўлиб ишлаган пайтидаги фаолияти учун ҳимоя дахлсизлиги сақланиб қолишини урғулаб келишган.