Россия Олий маҳкамаси миллатчи ҳаракатни узил-кесил тақиқлади

Image caption 2010 йил ноябридаги "Рус марши"да ДПНИ аъзолари ҳам иштирок этганлар

Россия Олий маҳкамаси Москва шаҳар суди апрел ойида чиқарган Ноқонуний Муҳожирликка қарши Миллий Ҳаракат (Движение против нелегальной иммиграции - ДПНИ)нинг фаолиятини чеклаш ҳақидаги қарорни тасдиқлаган.

Москва шаҳар прокуратураси НМҚҲни миллий низоларни қўзғатаётган экстремистик ташкилот сифатида фаолияти тақиқланиши талаби билан чиққан.

Ҳаракатнинг жорий раҳбари Владимир Ермолаев айтишича, НМҚҲнинг аъзолари Олий суднинг қарорига бўйсунсалар ҳам, у чиқарган хулосага қўшилмайди.

"Бу қарор ижтимоий муроса барпо этишга хизмат қилмайди. Ҳокимият ўзини рус халқига қарши қўймоқда, халқни миллий бирлашмалар тузиш ҳақидаги конституцион ҳуқуқидан маҳрум қилаяпти. Шунинг учун мен Россияда жиддий инқирозлар келиб чиқишини олдиндан сезаяпман", деб айтган НМҚҲ раҳбари.

Россия бош прокуратурасига кўра, НМҚҲнинг фаолиятини ўрганиш мобайнида "ташкилотнинг экстремистик фаолияти, инсон ҳуқуқларини поймол этишга, инсонларнинг соғлиги, шахсиятига, давлат ва жамиятга жиддий зарар етказишга қаратилгани етарли далил ва кўрсатмалар билан ўз тасдиғини топган.

Прокуратура мисол тариқасида шу йил бошида беш йилга шартли озодликдан маҳрум этиш қарори чиқарилган НМҚҲнинг раҳбарларидан бири Ирина Бойдакованинг ишини келтиради.

"Бойдакованинг шахсан топшириғига кўра, шахси тергов мобайнида аниқланмаган кишилар Тожикистон, Ўзбекистон, Ветнам фуқароларига ҳужум қилиб, жиддий тан жароҳатлари етказишган, дейилади прокуратура хулосасида.

Маҳкама қарори миллатчиларнинг фаолиятини буткул тўхтата оладими?

Шунингдек, миллий низо қўзғашда айбланиб, шартли жазога тортилган ташкилотнинг собиқ раҳбари Александр Беловнинг митинглардан бирида яҳудийлар, қофқозлик ва Ўрта Осиё халқларига қарши ҳақоратли чиқишлари инобатга олинган.

2002 йилда тузилган НМҚҲнинг фаолиятини ўтган йил декабрида Москванинг Манеж майдонида миллатчилар томонидан уюштирилган ғалаёнлардан сўнг прокуратура жиддий ўрганишга киришган.

Москва шаҳар суди ташкилот фаолиятини тақиқлаганидан унинг етакчилари бошқа миллатчи ташкилотлар тузишган, бу ташкилотларни бирлаштириб, "Русские" этносиёсий бирлашмаси ташкил этилгани ҳақида эълон қилганлар.

Бу бирлашманинг мақсади, ташкилотчиларнинг фикрича ҳали мавжуд бўлмаган "Рус миллий давлати"ни тузиш эканини айтишади.

Рус радикал миллатчилиги бўйича мутахассис,"Сова" марказининг директори Александр Верховский фикрича, Россия Олий маҳкамасининг қарори кўп нарсани ўзгартирмайди.

"Олий суднинг қарори шундай бўлиши аниқ эди. Бу одамлар эса ўзларининг миллатчи фаолиятларини "Русские"га ўхшаш бошқа ташкилотда давом этказаверишади", дейди Александр Верховский.

Унинг фикрича, бу тоифа ташкилотларни тузмоқчи бўлганлар имкон борича уларни тақиқлашга сабаб бўладиган амаллардан тийилишга ҳаракат қиладилар.