Покистонда ўлдирилганлар орасида ўзбекистонлик жангарилар ҳам бор

Американинг учувчисиз учоқлари томонидан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасига уюштирилган ракета ҳужумида 20 дан ортиқ жангари ўлдирилган.

Уларнинг орасида ўзбекистонлик жангарилар борлиги ҳам айтилмоқда.

Ҳодисада, бундан ташқари, 10 га яқин киши яраланган.

Ҳалок этилганлар аксариятининг жангарилар бўлганликлари хабар берилади.

Покистондаги жангариларга қарши бунга ўхшаш ҳалокатли ҳужумнинг бу яқин ҳафталарда кузатилмагани айтилмоқда.

Мулозимларга кўра, дрон ва ё учувчисиз учоқ чоршанба куни эрта тонгда Шимолий Вазиристондаги Мироншоҳ шаҳрига ҳужум қилган.

Икки ракетадан бири машина, бошқаси эса, жамлоққа келиб теккан.

Маҳаллий мулозимлар ўлганлар ва яраланганлар Афғонистонда Ғарб кучларига қарши курашиб келаётган "Ҳаққоний" тармоғининг аъзоси бўлишганини айтишмоқда.

Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий ва Жанубий Вазиристон ҳудуди "Ал-Қоида" ва Толибон жангариларининг бошпанаси ҳисобланади.

Хабарлардан аён бўлишича, ўлдирилганлар орасида ўзбекистонлик жангарилардан ташқари, покистон ва афғонистонлик толиблар ҳамда араб жангчилари ҳам бўлишган.

Покистонда бўлган мухбиримиз Раҳимуллоҳ Юсуфзайга кўра, ракета ҳужумида ҳалок этилган ўзбекистонлик жангариларнинг аниқ сони ёки шахсига оид маълумотлар ҳозирча йўқ.

"Уларнинг жасадлари тилка-пора бўлиб кетгани учун ҳам бу нарсани аниқлаш имконсиз", дейди у.

Мухбиримизнинг айтишича, ўзбекистонлик жангариларнинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари экани ишонилмоқда.

"Чунки лидерлари Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилиши ортидан ҳаракатнинг аксарият аъзолари "Ҳаққоний" тармоғига қўшилишган. Улар биргаликда жанг олиб бориб келишади", дейди у.

Жорий пайтда Покистоннинг Вазиристон минтақасида ўзбекистонлик қанча жангари фаолият олиб бориши маълум эмас.

"Бу - махфий маълумот ҳисобланади. Покистон ҳукумати бу борада аниқ рақамларга эга эмас, жангариларнинг ўзлари буни ошкор этишмайди ва маҳаллий аҳоли ҳам билмайди", дейди мухбиримиз.

Аввалроқ Покистоннинг қавмлар яшовчи минтақаларидан бир неча юз нафар ўзбекистонлик жангарининг бошпана топгани айтилганди.

Аммо, мухбиримизга кўра, улардан аксарияти Афғонистонга қайтиб, шимолий Қундуз, Бағлон, Хатлон каби шимолий вилоятларида жойлашиб олишган.

"Айримлари ўлдирилган, бошқалари эса, қўлга олинган. Шу сабабдан ҳам, тахминан бир неча юз дейиш тўғрироқ бўлар", дейди у.

Америка Покистонга "Ҳаққоний" гуруҳига қарши ҳарбий амалиётлар бошлашини талаб қилиб, босим кўрсатиб келаётир.

Аммо ҳозирга қадар Покистон бу босимларга бўйин эгмай келаётган эди.

Йиллар давомида Америка учувчисиз учоқлари Вазиристон минтақасига ҳужум қилиб келишади.

Маҳаллий аҳолига кўра, айни ҳужумларда "Ал-Қоида" ва Толиблар раҳбарлари дохил юзлаб жангарилар ҳалок этилган.

Покистон мулозимлари эса бу каби амалиётлар оқибатида тинч аҳоли орасидан ҳам қурбонлар берилишини урғулашади.