Покистон: Пешовардаги қўшалоқ ҳужумда камида 7 инсон ҳалок бўлди

Машина қолдиқлари Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Пешовардаги қўшалоқ ҳужум 17 нафар Толибон жангчисининг ўлимига жавоб амали сифатида кўрилмоқда

Покистон шимоли-ғарбидаги Пешовар шаҳрида содир этилган қўшалоқ ҳужумда камида етти инсон ҳалок бўлди, дея хабар беради Покистон полицияси.

Биринчи ҳодиса - Лаҳор Дарвозаси мавзесида полиция машинаси яқинда масофадан идора этилувчи бомбанинг портлатилиши оқибатида тўрт полиция зобити ва бир болакай нобуд бўлган.

Кейинроқ, аёл худкуш ҳужумчи танасига ўрнатилган портловчи ускунани ишга солиши оқибатда ўзи ва яна бир аёлни ҳалок этган.

Интиҳорий ҳужумчи дастлабки портлаш юз берган жойдан 400 метрларча узоқликда жойлашган полиция бўлинмасини нишонга олиш ниятида бўлган.

Покистонда исёнчилар ҳужумлари май ойидан буён кескин кўпайди. Май ойида АҚШ десантчилари ал-Қоида раҳбари Усама Бин Лодинни ҳалок этишган эди.

Ўшандан буён полиция академияси, ҳарбий денгиз базаси, ҳукумат бинолари, полиция станцияси ва АҚШ консуллигига қарашли машиналарига қарши ҳужумлар содир этилган.

Пайшанба кунги қўшалоқ ҳужумнинг дастлабкисида ҳалок бўлганлар орасида 12 яшар мактаб ўқувчиси ҳам бор. Портлашларда шунингдек камида 21 одам, жумладан 17 полициячи, жароҳат олган.

Иккинчи ҳужумда, полициянинг айтишича, бомбачи 16-17 ёшлар чамаси аёл бўлиб чиққан. Либослари аёлнинг қабилалар минтақасидан бўлиши мумкинлини кўрсатмоқда.

Полициянинг қўшимча қилишича, иккинчи аёл ёши элликлардан ошган бўлган.

Хабарларга кўра, аёлга ўрнатилган ускуна муддатидан олдин портлаган.

Исломободдаги Би-би-си мухбири Илёс Хоннинг айтишича, Пешовардаги ҳужумлар Шимолий Вазиристонда 18 Толибон жангчисининг учувчисиз тайёрадан нишонга олинишидан бир кун ўтиб юз бермоқда.