Сурия исёни: АҚШ расмий Дамашққа баҳамжиҳат бўлиб жазо қўллашга чақирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон намойишларни аёвсиз бостиришда давом этаётгани учун Сурия ҳукуматига қарши кенг кўламда жазо чоралари қўллашга чақирган.

Клинтон хоним Сурияга киритаётган сармоялари боис, айниқса, Хитой ва Ҳиндистон расмий Дамашққа босимларини кучайтиришлари мумкинлигини айтган.

Унга кўра, бошқа давлатларнинг дастагисиз мамлакати якка боши билан Сурия Президенти Башар ал-Ассадни истеъфо беришга даъват этмоқчи эмас.

"Президент Ассадга босим ўтказиш учун қилишимиз лозим бўлган энг муҳим масала - уларнинг нефть ва газ саноатига санкциялар киритиш", деб айтган Клинтон хоним.

АҚШ Давлат котиби мамлакати Россиянинг Сурияга қурол-яроғ сотишни бас қилишни хоҳлашини ҳам қўшимча қилган.

Аксилҳукумат Сурия Инқилоби Мувофиқлаштирувчилари Уюшмаси аъзоси Амир ал-Содиқнинг айтишича, расмий Дамашққа нисбатан иқтисодий жазо чораларининг киритилиши ўзларининг мавқеъларини янада мустаҳкамлаши мумкин.

"Бу каби амал ҳозир сукут сақлаб ўтирган мамлакатдаги кўпчиликнинг мавжуд тузумга қарши кучлироқ позицияни эгаллашлари ва ҳозирги тинч инқилоблар жиддийроқ натижага эришиши учун ўз қўллаб-қувватловларини таклиф этишларига ёрдам беради", дейди у.

Пайшанба кунги музокаралари ортидан, АҚШ Президенти Барак Обама ва Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон Сурияда тинч фуқароларга нисбатан куч ишлатилаётганидан "чуқур хавотирда" эканликларини яна бир бор баён қилишганди.

Суриядаги инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, кеча пайшанба куни аскарлар яна камида 24 кишини ўлдиришган.

Аммо сўнгги зўравонликларга қарамай, бугун жума куни бамдод намози ортидан яна оммавий намойишлар бошланиб кетган.

Ҳукумат кучлари бу гал ҳам намойишларни бостиришга уринишаркан, Суриядан келаётган сўнгги хабарларга кўра, икки тинч фуқаро ўлдирилган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ҳодиса шимолий Идлиб вилояти ва пойтахт Дамашқ сарҳадларида юз берган.

Сурияда Президент Башар ал-Ассад оиласининг 41 йиллик бошқарувига қарши намойишлар шу йил март ойидан буён давом этиб келади.

Орада кечган вақт давомида 1.700 дан ортиқ киши қурбон бўлган, ўн минглаб кишилар ҳибсга олинганлар.

Суриядан келаётган хабарларга кўра, хавфсизлик кучлари шарқий Дейр ал-Зуур шаҳри назоратини қўлга киритиш йўлидаги амалиётларини давом этдиришмоқда.

Кеча пайшанба куни бу ерда камида 3 кишининг ўлдирилгани хабар берилганди.