Бангладеш: Рамазон ойида нарх-наво 30 фоизга қадар кўтарилди

Дҳака бозори Фото муаллифлик ҳуқуқи focus bangla
Image caption Бангладешда Рамазон ойида озиқ-овқатлар нархи 30 % кўтарилди.

Рамазон ойида озиқ-овқат нархларининг 30 % ошиб кетиши Бангладешда аҳолининг норозилигини уйғотди.

Маҳаллий аҳоли сўзларига кўра, айниқса, шакарнинг қиймати осмонга сапчиган.

Бангладеш ҳукумати нархларни назорат этиш учун жиддий чораларга қўл урмоқда.

Аммо булар амалда жиддий самара бермаётган кўринади, дейди Дакадаги Би-би-си мухбири Анбарасан Эҳтиражан.

Дакка марказидаги харидорлар билан тўлган энг гавжум бозорлардан бирида ифтор пайти.

Ҳамма ўзининг дўстлари ва қариндошлари билан оғиз очишдан олдин бу бозорга оғиз очиш учун махсус егуликларни сотиб олишга келган.

Бу ерда гуруч, шакар қоп-қоп қилиб тахлаб қўйилган. Расталарда шунингдек бошқа меваларни ҳам кўриш мумкин.

Одамлар Рамазон пайтида оғиз очиш учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ўзларининг уйларида жамғариб қўйишга ҳаракат қиладилар.

Бунинг оқибатида айрим маҳсулотларга бўлган талаб ҳам, уларнинг нархлари ҳам кўтарилиб кетади.

Лекин харидорларнинг айтишларича, бу йилги Рамазон ойидаги қимматлашув аввалги йиллардагидан жуда ҳам ошиб кетган.

"Охирги ҳафтанинг ўзида нўхатнинг баҳоси қарийб 40 фоиз кўтарилиб, бир килограммининг нархи 1.3 долларга яқинлашиб қолди. Бир кун ишлаб атиги 3 доллар маош оладиган инсонларга нўхат сотиб олиш қийин бўлиб қолди. Мен охирги йилларда фақат шу ерда бозорлик қиламан, лекин олдин ҳеч бунақасини кўрмаганман," дейди бозорга келган харидорлардан бири.

"Бу нарх-наво бизга қаттиқ таъсир қилаяпти. Мен ҳар доим дуккаклиларни беш кило-беш кило сотиб олардим. Энди эса фақат икки кило сотиб олишга қурбим етаяпти," дейди яна бир харидор.

Бу йилги Рамазон ойида нархлар кўтарилгани ҳаммага таъсир қилган.

Муссон жалалари ҳам олдинги йиллардагидан кучли келди ва шунинг учун деҳқонларнинг ҳам ўз далаларидаги ҳосилларини йиғиши қийинлашган, оғир юк машиналари ҳам йўллардан юролмай қолган ва бу ҳам нарх-наво кўтарилишига улуш қўшган.

Ширинликларни шакарсиз пишириб бўлмайди, шакар нархи ҳам кескин кўтарилиб кетган ва 1.2 долларга етган.

Бангладеш аҳолисининг деярли ярми кунига икки доллардан кам даромад топади.

Шу кунларда ҳукумат қўшимча озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга, даромади кам аҳоли орасида гуруч билан шакарни арзон нархларда тарқатишга ҳаракат қилмоқда.

Рамазон Ҳайитига икки ҳафта қолар экан, Бангладеш ҳукумати ўзининг кўраётган чоралари нарх-навони янада кўтарилиб кетишининг олдини олади деб умид қилмоқда, дейди Би-би-си мухбири.