Россиялик номаълум шахс Британиядаги энг қиммат уйни сотиб олди

Ҳенли
Image caption Британиядаги энг қиммат кўчмас мулки Ҳенли яқинида жойлашган

Россиялик номаълум шахс Британиядаги энг қиммат уйни сотиб олди

Британиядаги энг қимматбаҳо уй исми ошкор этилмаган Россия фуқаросига 140 миллион фунт стерлингга (228 миллион доллар) сотилган, деб ёзади британ матбуоти.

Иқтисодчилар сўзларига кўра, глобал иқтисодий депрессияга қарамасдан Англия жануби-шарқида эътиборда бўлган уйлар айниқса хорижий муштарийлар орасида ҳалиям катта талабга эга.

Харидорлар рўйхати бошида нисбатан беқарор жанубий ва шарқий Оврўпо мамлакатларидан бўлган муштарийлар туради.

Бу гал рекорд маблағ Park Place учун тўланган. Уч юз йиллик тарихга эга бино Лондон яқинидаги Ҳенлидан унчалик узоқ бўламаган минтақада жойлашган.

Бу мулк ўз вақтида қирол Георг II тўнғич ўғлига тегиши бўлган.

Қаср тахминан 80 гектар ери, атрофидаги янги бинолар ва отхона билан бирга сотилган.

Франса инқилоби пайтида Park Place генерал Сеймур Конуэйга тегишли бўлган.

Сеймур Конуэй қаср остидан бир неча ғор топиб, уларни йирик залга айлантирган.

Park Place-нинг сотилиши ҳозирга қадар мавжуд барча Британия рекордларини доғда қолдирди.

Ҳозирга қадар ўхшаш олди-сотди шу йилнинг апрел ойида амалга ошганди.

Ўшанда россиялик корчаллон Ринат Ахметов Лондонда бир квартирани 136 миллион фунт стерлингга сотиб олганди.