Ливия исёнчилари пойтахт томон илгариламоқдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ливия исёнчилари ойларки ҳукумат кучларига қарши курашмоқдалар.

Ливиядаги исёнчилар пойтахт Триполидан ғарбда ва жанубда жойлашган икки стратегик шаҳар томон илгариламоқдалар.

Триполидан 50 км ғарброқда жойлашган Завия ва 80 км жануброқда жойлашган Ғарян шаҳарларида жанглар рўй бераётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Агарда бу шаҳарлар исёнчилар қўлига ўтса, Триполи деярли қамал вазиятига тушиши мумкин.

Триполига денгиз йўлларини НАТО кучлари тўсиб туришибди.

Завия шаҳри мамлакат ғарбидаги ягона нефт ишлаб чиқарувчи марказдир ва ҳукумат кучларини ёқилғи билан таъминлайди.

Мухбирларга кўра, ҳукумат кучлари бу шаҳарлар учун тиш-тирноқлари билан курашадиган кўринадилар.

Исёнчилар Завияни шу йил бошларида қисқа муддат эгаллаб олишга муваффақ бўлгандилар.

Аммо ҳукумат кучлари уларни танк қўшинларини ишга солиб, сиқиб чиқарганди.

Айни вақтда Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий телевидение орқали яна бир бор нутқ сўзлаб, ўз тарафдорларини жангга тайёр бўлишга даъват қилди.

Ҳукумат сўзчиси Завия ва Ғарян шаҳарлари ҳануз ҳукумат назорати остида эканлигини айтган.

Би-Би-Сининг Ливияда бўлган мухбирига кўра, ҳукумат ва мухолифат вакиллари полковник Қаддофийнинг қудратдан кетиш йўлларини мубоҳиса қилишга киришганлар.

Баъзи хабар агентликларига кўра, Қаддофий ва мухолифат вакиллари Туниснинг Жерба оролида учрашганлар.

Аммо Ливия расмийлари бу каби хабарларни рад этганлар.

Улар шунингдек, Қаддофийни хорижга олиб кетиш учун Триполи қўналғасига икки Жанубий Африка учоғи келиб қўнганлиги ҳақидаги хабарларни ҳам рад этдилар.