Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳиндистон Бош вазири коррупцияга қарши кураш фаолини танқид қилди

Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Сингх коррупцияга қарши таниқли курашчи Анна Ҳазарени қамоқхонада очлик қилаётгани учун кескин қоралади.

Парламент аъзолари ўнгида чиқиш қилган Бош вазир Ҳазаре юз бераётган ҳодисалар тўғрисида нотўғри тасаввурга эга эканини айтди.

Аммо унинг нутқи мухолифат вакиллари томонидан "шармандалик" дея қораланди ва кесиб турилди.

Анна Ҳазаре ҳукумат уни озод этган эсада, ўтган тунни Деҳлидаги қамоқхоналардан бирида ўтказди. Ёрдамчисининг маълум қилишича, Анна Ҳазаре, полиция у режалаган акцияни ўтказишга рухсат бермас экан, очлик амалини тўхтатмайди.

Ҳазаре сешанба куни коррупцияга қарши курашиш бўйича янги қонун лойиҳасига эътирозан очлик амалини бошлашидан бир неча соат олдин ҳибсга олинган.

Унинг тарафдорлари тунни қамоқхона ўнгида ўтказганлар. Чоршанба куни эрталаб эса қамоқхона ўнгига тўпланаётганлар сони янада кўпайган. Ҳиндистон байроқларини кўтарган одамлар коррупцияга қарши шиорларни айтиб қичқирганлар.

Ҳиндистон Олий маҳкамасининг баъзи ҳакамлари Ҳазарега бирдамлик изҳор этиш учун намойишга чиқишларини эълон қилганлар. Кўплаб рикшалар коррупцияга қарши иш ташлаганлар.

"Тан оламан, Анна Ҳазаре юксак идеаллардан илҳомланиб кетган бўлиши мумкин, - деди Бош вазир Манмоҳан Сингх. - Бироқ у танлаган услуб мутлақо нотўғри".

"Анна Ҳазаре парламентга ўз қонунини тиқиштиришга уринаяпти", - дея хулоса қилди Бош вазир.

74-ёшли фаолнинг айтишича, ҳукумат таклиф қилаётган коррупцияга қарши чоралар "аччиқ ҳазилга" ўхшайди.

У коррупцияга қарши курашишни "мустақиллик учун иккинчи уруш" деб баҳолаган.

Хўш, Ҳиндистонда коррупция қанчалар кенг қулоч ёйган?

Би-би-си айни савол билан кўп йиллар Ҳиндистонда яшаган журналист Дилбар Султоновани суҳбатга чорлади.