'Сурия элчиликлари хориждаги сурияликларга таҳдид амалиётларига жалб этилган'

Анқарадаги Сурия элчихонаси қаршисидаги норозилик намойиши Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кўпинча хориждаги Сурия элчихоналари қаршисида норозилик намойишига чиққанлар ортидан тушилган

АҚШда чиқадиган Wall Street Journal рўзномасига кўра, суриялик дипломатлар амалдаги тузумга қарши чиқаётган Cурия ватандошларини қўрқитишмоқда ва уларнинг Cуриядаги яқинлари таҳдид этилиб, қамоққа ташланмоқда.

Президент Обама маъмурияти Башар ал-Ассад тузуми хориждаги элчихоналари берган маълумотлардан мамлакат ташқарисида яшаётганларнинг яқинлари, хусусан, Америкадаги тинч намойишларга қўшилган сурияликларни нишонга олишда фойдаланаётганига доир аниқ далилларга эга эканини айтган.

Америка расмийларига кўра, Сурия ҳукумати ўзининг чет мамлакатлардаги элчихоналарини ишга солаяпти, бу элчихоналар хорижда яшаётганлар ва уларнинг Сурияда қолган қариндошлари ҳақида маълумотлар тўплаяпти.

Wall Street Journal мана шу хабарлар қанчалар тўғрилигини текшириш мақсадида қатор АҚШ фуқаролари бўлган асли сурияликлар билан суҳбатлашган, шулардан олти нафари Суриянинг Вашингтондаги элчихонаси ходимлари норозилик намойишлари иштирокчиларининг орқасидан тушганлари ва суратларга туширганларига гувоҳ бўлгани ҳақида айтганлар.

Сурияликлар сўзларига кўра, Суриянинг АҚШдаги элчиси Америкадаги Араб диаспораси вакиллари билан учрашувларда суриялик диссидентларни "сотқинлар" деб ёмонотлиқ қилишга эришишга уринган. АҚШ Давлат департаменти Суриянинг элчиси Имод Мустафога танбеҳнамо огоҳлантириш берган, АҚШ Федерал Қидирув Бюроси сурияликларга пўписалар бўлаётгани даъволари юзасидан тергов бошлаган.

Суриянинг чет мамлакатдаги элчилиги ходимларининг хориждаги сурияликларни таъқиб этаётгани илк янгилик эмас.

Лондондаги намойишларга чиққан сурияликлар ҳам намойишларда ўзларини Суриянинг Британиядаги элчихонаси ходимлари суратга олишгани ҳақида хабар қилганлар.

Шундан кейин айримларга телефон қўнғироқлари бўлган, айримларнинг Суриядаги қариндошлари олдига борган хавфсизлик хизмати ходимлари Лондондаги намойишларда олинган суратларни кўрсатиб, яқинларига таҳдид қилишгани ҳақида шикоят қилганлар.

Июн ойининг охирида мана шу хабарлар туфайли Суриянинг Лондондаги элчиси Сами Ҳаёмий Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, дипломатия соҳаси ходимларининг ўзини бундай тутиши қабул қилиб бўлмас ҳол, дея норозилик изҳор этилган.

Wall Street Journal Суриянинг Оврўпо мамлакатларидаги ва Латин Америкасидаги элчиликлари таҳдидлар билан шуғуллангани аниқлангани ҳақида хабар қилган.

Сурия ҳукумати 17 август куни пўписалар ҳақидаги айбловларни рад этиб чиққан.

Латакияни тўртинчи кун ҳукумат кучлари ҳужумга тутмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Айни пайтда Суриянинг ўзидан тўртинчи кундирки, бандаргоҳ шаҳар Латакияни Сурия қўшинлари ҳужумга тутаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Фаоллар ва Латакия маҳаллий аҳолиси ҳамон қаттиқ отишма ва портлаш овозларини эшитаётганлари ҳақида айтишаяпти, шанба кунидан буён Латакияда камида 34 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Маълумки, Сурия расмийлари мамлакатнинг йирик шаҳарларига биттама-битта қилиб чиқаётган ҳужумларини "оддий фуқароларнинг талабига кўра, уларнинг тинчлигини таъминлаш мақсадида шаҳарларни қуролли террорчилардан тозалаш амалиётлари" деб атаяптилар, Латакияга ҳужумлар бу шаҳарда йирик аксилҳукумат намойиши ташкил этилганининг эртаси куни бошланган.

Гувоҳларга кўра, ҳукумат шаҳарни бомбардимон қилиш учун танклар ва ҳарбий кемалардан фойдаланган.

Сурия расмийлари денгиздан ҳужум бўлганини рад этмоқдалар.

Латакия яқинида фаластинликлар қочқинларнинг йирик жамлоқларидан - Ал-Рамел жамлоғи жойлашган, у ердаги 5 минг қочқин жамлоқни ташлаб кетишга мажбур бўлганлар.

Зўравонликларни тўхтатиш талаби билан Сурия ҳукумати амалларини қоралаш оҳанги ҳам кучаётгани кузатилмоқда, хусусан, Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг "жаноб Асад ўзининг машруълигининг энг охирги бўлакларини ҳам йўқотаяпти", деб айтди.

Март ойида бошланган Сурия ҳукуматининг аксилҳукумат чиқишларини бостириш амалиётлари давомида инсон ҳақлари фаоллари 1827 тинч фуқаро ҳалок бўлган, дейишади.

Сурия расмийларига кўра, шу вақт мобайнида 416 ҳукумат ҳарбийлари ҳам ҳалок бўлган.