Башар ал-Ассад: 'Намойишчиларга қарши ҳарбий амалиётлар тўхтатилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сурияда март ойидан бери давом этиб келаётган намойишларда икки мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлгани айтилади.

БМТ расмийларининг билдиришларича, Сурия раҳбари Башар ал-Ассад намойишчиларга қарши ҳарбий амалиётлар тўхтатилганлигини айтган.

БМТ сўзчисига кўра, Бош котиб Пан Ки Мун Сурия раҳбарига қўнғироқ қилиб, ҳарбий амалиётлар ва ёппасига ҳибсга олишларни зудлик билан тўхташини талаб қилган. Бунга жавобан жаноб ал-Ассад бу каби амалиётлар тўхтатилганлигини маълум қилган.

Айни вақтда Суриядаги фаоллар чоршанба кунининг ўзида ҳукумат кучлари ҳужуми оқибатида 20 киши ҳалок этилганлигини хабар бердилар.

Чоршанба куни Сурия ҳарбийлари Латакия шаҳридаги намойишчиларни нишонга олганлар. Қурбонлар берилишидан ташқари 5 мингдан ортиқ фаластинлик қочқинлар ўз жамлоқларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

Март ойидан бери давом этиб келаётган аксилҳукумат намойишларида шу вақтгача 2 мингдан ортиқ инсон ўлдирилган.

БМТ томонидан чиқарилган баёнотда айтилишича, Бош Котиб Сурия хавфсизлик кучлари томонидан керагидан ортиқ куч ишлатиш ва инсон ҳуқуқларининг кенг миқёсда поймол этиш ҳолатларидан чуқур хавотирдадир.

Жаноб Пан Сурия раҳбаридан ислоҳотларни амалга ошириш ва намойишчиларга қарши амалиётлар оқибатларини текшириш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссияси билан тўла ҳамкорликни талаб қилган.

Башар ал-Ассад амалга оширилиши режаланган ислоҳотларни санаб ўтган ва БМТ инсонпарварлик ёрдами гуруҳини Сурияга келишларига розилик берган.

Би-би-си мухбирига кўра, охирги икки ҳафта мобайнида Сурия ҳарбийлари намойишкорона равишда Ҳама, Дейр аз-Зоур ва Латакиянинг Рамел ҳудудидан чиқиб кетишган.

Аммо танклар ва қўшинлар намойишларни куч билан бостириб, назоратни ўрнатгандан сўнгина шаҳарлардан чиқишган. Ушбу шаҳарларда ҳукумат назоратини сақлаб туришнинг бошқа йўллари сақланиб қолган.

Пайшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурияга бағишланган махсус мажлиси бўлиб ўтиши режаланган.

Президент Башар ал-Ассад 2000 йили отаси Ҳофиз ал-Ассаднинг ўлими ортидан қудратга келган эди.

Шу йил бошида бошланган норозиликларга у куч қўллаш ва ислоҳотларни ваъда бериш билан жавоб бериб келди.

Суриядаги норозиликлар Тунис ва Миср раҳбарларининг кенг миқёсли норозиликлардан сўнг қудратдан ағдарилишлари ортидан бошланганди.