Озарбайжон: 120 мингдан ортиқ киши мактабларда ҳижобнинг тақиқланишига қарши

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Озарбайжондан келаётган хабарларга кўра, мактабларда ҳижобга қўйилган тақиқнинг бекор қилиниши талаби билан 124 мингга яқин кишининг имзоси тўпланган.

Петиция ташаббуси билан Диний эркинликларни ҳимоя этиш маркази чиққан.

Марказнинг "Президентга юз минг кишилик мурожаат" номли кампанияси бесамар кетмаган кўринади.

"Регнум" ахборот агентлигининг билдиришича, акция июл ойида бошланган.

Ташкилотчиларга кўра, икки ой давомида 100 минг кишининг имзосини йиғиш истагида бўлишган.

Улар бундан аввал мамлакатда бунақа ташаббус билан ҳеч ким чиқмагани учун бироз шубҳада бўлганликларини ҳам тан олишган.

Аён бўлишича, ўз ташаббусларининг аҳоли томонидан қанчалик қўллаб-қувватланганини кўриб, акция муддатини узайтиришга қарор қилишган.

Хабарларга кўра, тўпланган имзоларни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга топшириш режаланган.

Акцияда диний арбоблар, кўнгиллилар ва кекса отахонлар ҳам иштирок этишган.

Ўтган йил Озарбайжон Маориф вазирлиги мамлакат мактабларида ҳижобда келишни тақиқлаганди.

Вазирлик ўз қарори сабабини ҳижоб ўқувчилар юриши шарт бўлган махсус мактаб либоси сирасига кирмаслиги билан изоҳлаганди.

Мазкур қарор Озарбайжонда қатор норозилик чиқишларига ҳам сабаб бўлганди.

Бу каби акциялардан айримлари милиция ходимлари билан тўқнашувлар билан якунланганди.

Бундан 5 йил бурун Тожикистон Таълим вазирлиги ҳам мамлакат ўқув даргоҳларига ҳижобда келишни расман ман этганди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳижоб ўраган аёлларга нисбатан расмийлар қўл ураётган амаллар ҳам мамлакатда ҳижобга қарши янги кампания деб баҳоланганди.

Маҳаллий аҳоли олдин мактаб ўқувчилари, талаба қизларга нисбатан кузатилган бундай тақиқлар энди уларнинг оналарига нисбатан ҳам қўлланаётганини айтишганди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари ҳам аёллари ва оналари ҳижобсиз юриши кераклиги ҳақида ўзларига қатъий тавсиялар берилаётганини билдиришганди.