Ливия исёнкорлари пойтахт Триполига ҳужум учун куч тўплаётганларини айтмоқдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ливиялик исёнчилар пойтахт Триполи томон шиддат билан илгарилаб бораётганлари айтилади. Исёнчиларнинг телевидениеси пойтахт аҳолисини ўзларини қаршилашга тайёр туришга чақирган.

Ливиядан хабар узатаётган мухбирларнинг ёзишларича, бугунги кунга келиб Муаммар Қаддофийни ағдаришга қарор қилган исёнкорларнинг ҳукумат кучларини чекинтиришга қодир етарли ҳарбий тайёргарлик ва имкониятга эга бўлганликлари кўринаяпти.

Қуроллиларнинг айтишларича, ҳозир улар Ливия пойтахти Триполига ҳамма томондан ҳужум қилиш мавқесига келганлар, ғарбдаги Завия шаҳри, жанубдаги Гариян шаҳри, шарқдаги Злитан ва Брега шаҳарлари ўзларининг назоратига ўтганини айтишган.

Исёнкорлар ҳозир пойтахтга ҳужум қилиш учун куч тўплашга киришганлар.

Бунгача охирги 2-3 кун қаттиқ жанглар бўлди, исёнкорлар бир неча шаҳарларни қўлга киритиш учун кечган жангларда катта талофотлар берганини айтадилар.

Энг қаттиқ жанглар Триполидан атиги 46 километрча ғарбда жойлашган бандаргоҳ шаҳар Завия учун бўлган. Исёнчилар аввал Завия яқинидаги йирик нефт иншооти устидан назоратни қўлга киритдилар, кейин шаҳар марказидаги хиёбондан Қаддофий кучларини сиқиб чиқариш учун юзлаб жангчилар, оғир қуроллар сафарбар этилди.

Завиядаги нефт иншооти Қаддофий кучлари ёқилғи билан таъминлаб турган охирги нефт иншооти бўлган.

Завиянинг исёнкорлар назоратига ўтиши пойтахт Триполидан Тунисга элтадиган асосий автомобил йўли кесилиши, Қаддофий кучлари учун асосий таъминот йўли кесилишини англатади.

Жума куни пойтахт Триполидан 80 километр жанубда жойлашган Гариян шаҳри аҳолиси шаҳарни Қаддофий кучлари ташлаб чиққанини байрам қилиб нишонлаганлар.

"Энди биз озодмиз, шундан биз жуда бахтиёрмиз. Чунки энди Қаддофий Гарияндан кетди", деб айтган маҳаллий аёллардан бири.

Ливия исёнкорлари саноат марказларидан ҳисобланган Ливия ғарбидаги Брега шаҳри устидан ҳам назоратни қўлга олганликларини айтишган, бироқ ҳозирча мухбирлар, бу хабар ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлангани йўқ, демоқдалар.

Исёнкорлар ўзларининг телевидениеси орқали чиқишида пойтахт Триполига ҳамма томондан яқинлашиб бораётганларини айтганлар.

"Триполи - бу бизнинг ҳаммамизники. Триполи бизнинг пойтахтимиз. Триполи бизнинг энг катта шаҳарларимиздан бири. Уни разиллар қўлида қолдирмаслик керак. Шунинг учун исёнкорлар келмоқдалар, улар Ал-Завия томондан, Сурман томондан, Сабратаҳ томондан, Зувараҳ томондан келишаяпти. Улар шарафли тоғдан тушиб келаяптилар", деб айтган исёнкорлар сўзчиси Умар ал-Кадай.

Исёнкорларнинг айтишларича, Ливиянинг собиқ бош вазири Абдуссалом Жолуд пойтахт Триполини тарк этган ва исёнкорлар тарафига ўтган.

Абдуссалом Жолуд 1969 йилда полковник Қаддофийнинг монархияни ағдариб ҳокимият тепасига келишига кўмаклашган, бироқ 1990 йилларда ораларидаги муносабат бузилган эди.

Абдуссалом Жолуднинг Оврўпога йўл олганини айтишган исёнкорлар.

Исёнкорлар Триполига яқинлашар эканлар, Халқаро Муҳожирлик ташкилоти пойтахтдан чиқа олмасдан қолиб кетаётган минглаб хорижий ишчиларни эвакуация қилишни режалаштираётганини маълум қилган.