Сўнгги янгиланиш 22 август 2011 - 08:01 GMT

Ливия: Исёнчилар пойтахт Триполи назоратини деярли қўлга киритишди

Ливиялик исёнчиларнинг даъво қилишларича, пойтахт Триполининг аксарият қисми ўз назоратлари остига ўтган.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийнинг ўғли Сайф-ул-Ислом ҳибсга олинган.

Муаммар Қаддофийнинг тақдири ҳозирча маълум эмас.

Хабарларга кўра, полковник Қаддофий тарафдорлари пойтахтга бостириб кирган исёнчиларга жиддий қаршилик кўрсатишолмаяпти.

Тун бўйи Триполининг бош майдонида Қаддофий тузуми мухолифлари байрам қилиб чиқишган.

Ливия раҳбарининг ҳибсга олинган ўғли Сайф-ул-Исломнинг Халқаро Жиноят маҳкамасига тортилиши айтилмоқда.

Муаммар Қаддофийнинг яна бир ўғли Муҳаммад Қаддофий эса, уй қамоғида сақланмоқда.

АҚШ Пpезиденти Барак Обаманинг айтишича, "Триполи мустабиднинг назорати остидан чиқмоқда".

Барак Обама, ўз навбатида, Муаммар Қаддофийни бошқаруви якун топгани ва Ливияни ортиқ назорат этмаётганини тан олишга ҳам чақирган.

Полковник Муаммар Қаддофийнинг Триполидаги қароргоҳи атрофида қақшатқич жанглар кечаётгани айтилмоқда.

Муваффақият

Полковник Муаммар Қаддофий Ливияни 40 йилдан ортиқроқ вақтдан буён бошқариб келади.

Аммо олти ойлик муваффақияту ортга чекинишлар ортидан исёнкорлар яшин тезлигида пойтахт Триполини забт этишмоқда.

Ливия ҳукумати шаҳарни 65.000 та аскари ҳимоя этишини баён қилганди.

Лекин исёнкорлар полковник Муаммар Қаддофий тузумининг юраги - "Яшил Майдон"ни маҳв этишди.

Полковник Қаддофий ўз тарафдорларига мурожаат этиб, оёққа қалқишларини сўради.

Унинг ушбу мурожаати ортидан эса, меросхўри деб кўрилган ўғли Сайф-ул-Исломнинг ҳибсга олинганига оид хабарлар чиқди.

Бутун Ливия бўйлаб исёнчилар назорати остига ўтган ҳудудларда тантаналар кузатилмоқда.

Аммо Триполи буткул таслим бўлганича йўқ. Шаҳарда ҳануз ўқ садолари қулоққа чалинади.

Бутун буларнинг манзарасида мавҳум қолаётгани - Ливия ва раҳбари Муаммар Қаддофийнинг тақдиридир.

Хўш, унинг кучлари қарши ҳужумга ўтишга муваффақ бўлишадими? Афтидан, йўқ.

Аммо исёнчиларнинг ғалабасини Ливияда ҳамма ҳам байрам қилаётгани йўқ.

Шундай экан, олдинда танг кунлар кутаётгани аниқ, дейди у ерда бўлган мухбирларимиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.