Нигерия пойтахтидаги БМТ қароргоҳи ўнгида портлаш юз берди

БМТ ваколатхонаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Портлашда БМТ ваколатхонасининг биринчи қавати қаттиқ шикаст егани хабар қилинади

Нигерия пойтахти Абужада БМТ миссияси ўнгида портлаш юз берди.

Портлаш юз берган жойда бўлган Би-би-си мухбири, Башир Саад Абдуллаҳий, БМТ биносининг биринчи қавати кучли зиён кўрганини айтади.

Полиция ва қутқарувчилар бинодан ярадорлар ва ўликларни чиқариш билан банд.

Маҳаллий шифохоналарга ярадорлар кела бошлашган.

Рейтер агентлиги хабарига кўра, портлашда камида ўн одам ҳалок бўлган.

Етказилган талафот кўлами аниқланмоқда.

Портлаш учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

Нигерия ҳукумати вакили портлаш учун "террорчиларни" айблаган.

Портлаш маҳаллий вақт билан 11:00 Абужа марказида дипломатик ваколатхоналар жойлашган минтақада юз берган.

Портлаш саҳнасининг АҚШ элчихонасига яқинлиги айтилади.

Гувоҳларга кўра, БМТ биноси ёнида автомашина портлаган, бироқ ушбу хабарлар ҳозирча расмийлар томонидан тасдиқланмади.

Июн ойида Абужадаги полиция идораси биноси ўнгида машина портлатилган эди.

Ўшанда портлаш учун масъулиятни "Боко Ҳарам" исломий гуруҳи олган эди.

Ушбу гуруҳ Нигерияда шариат қонунларининг жорий этилишини истайди.