Абхазиядаги президентлик сайловларида Александр Анкваб ғолиб чиқди

Image caption Абхазиянинг янги президенти Александр Анкваб ҳам москвапараст сиёсатчи, деб кўрилади

Гуржистоннинг бўлгинчи Абхазия минтақасида бўлиб ўтган президентлик сайловларида 54.86% овоз тўплаган Александр Анкваб ғолиб чиқди.

Бу ҳақда Абхазия Марказий Сайлов ҳайъати раиси Батал Табагуа эълон қилди.

Ҳайъат маълумотларига кўра, Раул Ҳажимба 19.83%, учинчи номзод Сергей Шамба эса, 21 % овоз тўплашга муваффақ бўлишган.

Президентлик сайловларида эса, аҳолининг етмиш фоиздан ортиқроғи иштирок этган.

Сухумидан келаётган хабарларга кўра, сайловлар осойишта ўтган.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Александр Анкваб рақибларини катта фарқ билан ортда қолдиргани боис, мағлуб бўлган номзодлар сайлов натижалари юзасидан шикоят қилмасликлари мумкин.

Муддатидан илгари сайловлар Абхазия президенти Сергей Багапшнинг кутилмаган ўлими ортидан чақирилганди.

Президентлик курсиси учун уч номзод: Бош вазир Сергей Шамба, вице-президент Александр Анкваб ва мухолиф сиёсатчи Раул Ҳажимбалар беллашишганди.

Сайловларгача вице-президент лавозимида бўлган жаноб Анкваб Сергей Багапшнинг оғир хасталикка чалингани ва унинг ўлими сабаб шу йилнинг май ойидан буён президентлик вазифасини бажариб келаётганди.

Таржимаи ҳол

59 ёшли сиёсатчининг асл касби юрист. Шўролар даврида партия сафларида турли лавозимларни эгаллаб келган. Гуржистон Ички ишлар вазирлигида ҳам ишлаган.

Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан бошланиб кетган Гуржистон-Абхазия урушида ҳам иштирок этган.

Жумладан, маҳбусларни айирбошлаш жараёнида анчагина фаоллик кўрсатган.

Шундан сўнг Москвада яшаган, ортга қайтгач эса, "Айтайра" номли мухолифат ҳаракатини тузган.

2005 йилдан бошлаб, Абхазия Бош вазири, 2009 йилдан буён вице-президенти бўлиб ишлаган.

Ўтган беш йил оралиғида унга беш бор суиқасд уюштирилган. Икки бор яраланган. Аммо ҳар гал суиқасдчиларнинг кимлиги мавҳум қолган.

Александр Анкваб москвапараст сиёсатчи сифатида кўрилади.

Сайловлар ортидан унинг ўзи ҳам "Россия барча масалаларда стратегик ҳамкорлари сифатида қолиши"ни баён қилган.