Омма сўрови: КПСС раҳбариятини маҳкамага тортиш керакмиди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шўролар Иттифоқи парчаланишининг 20 йиллиги муносабати билан Россияда ўтказилган сўнгги сўров натижаларидан аксарият аҳолининг бугун КПСС фаолияти ҳақида фикрлари анчайин ижобий томонга ўзгаргани аён бўлган.

Сўровда иштирок этганларнинг аксариятига кўра, Шўролар Иттифоқи Коммунистик партиясининг фаолиятини тақиқлаб, аъзоларининг раҳбарлик лавозимларидан олиб ташланишига ҳожат бўлмаган.

Россиядаги кўпчилик ўшанда КПССни маҳкамага тортиш лозим эди, деган фикрга ҳам умуман қўшилмасликларини баён қилишган.

Бутунроссия омма фикрини ўрганиш марказининг сўровидан мақсад, орадан 20 йил ўтиб, россияликларнинг Борис Ельциннинг партия фаолиятини тақиқлаш, унинг аъзолари ва КГБ жосусларига қарши қўллаши мумкин бўлган эҳтимолий чоралар ҳақида фикрларини билиш бўлган.

Бугунги рақамларга қаралса, Россия аҳолисининг ярмига яқини жаноб Ельциннинг КПСС фаолиятини тақиқлаш қарори янглиш бўлган, деган фикрда. Бундан 20 йил олдин эса, бу хусусда ижобий ва салбий тўхтамда бўлганларнинг сони теппа-тенг (38 фоиздан) бўлган.

Айниқса, катта ёшдаги сўров иштирокчилари орасида Россия илк президентининг қарорини қоралашга мойиллик кучли экани, ёшларнинг эса, бу хусусда анчайин иккиланишлари аён бўлган.

Бундан 20 йил олдин КПССни маҳкамага тортиш лозим эди, деган ғоя ҳам сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпроғи томонидан маъқулланмаган.

Яъни, ўтган 20 йил ичида КПСС адолат маҳкамаси қаршисида жавоб берсин, дегувчиларнинг сони қарийб 2 баробарига қисқарган ва бугун россияликларнинг фақат бешдан бир қисмигина албатта шундай қилиниши лозим эди, деган қарашда эканлар.

Айниқса, ёши етмишларни қоралаб қолган россияликлар маҳкама, деган фикрга тиш-тирноқлари билан қарши эканликлари маълум бўлган.

Бунинг ўрнига, КПССга нисбатан анчайин юмшоқроқ жазо чораларини қўллаш, дейлик, партия аъзоларини юқори лавозимлардан четлатиш ғояси эса, сўров иштирокчилари орасида бир хил сонда ёқловчи ва қораловчи(36 фоиздан) муносабатга сабаб бўлган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бундан 20 йил олдин Россия аҳолисининг ярмидан кўпроғи буни адолатдан, деб топишган экан.

Бошқа томондан, россияликларнинг 90-йиллар бошларида КПССнинг барча собиқ аъзолари ва КГБ жосусларининг юқори мартабали лавозимларни эгаллашлари тақиқланганида, мамлакатда ҳаёт тезроқ ўнгланиб кетарди, деган фикрга ҳам ишонмасликлари аён бўлган.

Сўров иштирокчилари орасида бу борада некбин қарашда бўлганларнинг сони 30 фоизга ҳам етмаган.

Марказнинг сўнгги сўрови Россиянинг 46 та вилоят, ўлка ва республикаларида 1.600 та киши орасида олиб борилган.