Муаммар Қаддофий 'ҳокимиятни топшириш борасида музокаралар таклиф қилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Полковник Муаммар Қаддофийнинг расмий вакили ахборот агентлигига телефон орқали қўнғироқ қилган ва Ливия раҳбари қудратни топшириш масаласини муҳокама этиш истагида эканини маълум қилган.

Ливия ҳукуматининг сўзчиси Мусо Иброҳим "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлигига қўнғироқ қилган ва исёнчилар билан музокараларда Муаммар Қаддофийнинг ўғли Саади ўғли иштирок этади, деб айтган.

Нью-Йоркда жойлашган "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги қўнғироқ қилган кишининг овози чиндан ҳам Мусо Иброҳимники эканини билдирган, Қаддофий ҳукуматининг баёнотларини инглиз тилида эълон қилиб келган сўзчининг айтишича, полковник Қаддофий ҳамон Ливиянинг ичкарисида.

Лекин у Қаддофийнинг қаерда эканини ошкор этмаган.

Унинг сўзларига кўра, Муаммар Қаддофий исёнчиларга ўтиш даври ҳукуматини тузиш таклифини илгари сурган.

Шу ҳафтада АҚШнинг CNN телеканали электрон почта орқали Қаддофийнинг ўғли Саадидан мактуб олгани ҳақида хабар қилган, бу мактубда ўт очишни тўхтатиш борасида музокаралар таклиф этилган.

"Мен шаҳрим Триполи ва унда яшайдиган икки миллион инсонни қутқариб қолмоқчиман. Акс ҳолда биз худди Сомалида бўлгани каби Триполини йўқотамиз. Ўт очиш тўхтатилмаса, қонлар денгиз бўлиб оқади", деб ёзган Қаддофийнинг ўғли Саади.

Ливия исёнкорларининг Миллий Ўтиш даври кенгашидан айтишларича, полковник Қаддофийнинг қаерда эканликларини билишмайди, аммо у билан ҳеч қандай музокаралар ўтказилмайди.

"Агар у таслим бўлишни истаса, биз уни қўлга олиш бўйича музокара юритишимиз мумкин", деб айтган исёнкорлар вакили Али Тархуний.

Айни пайтда Триполи учун жанглар пайтидаги оммавий қотилликларнинг янги далиллари ошкор бўлмоқда.

Пойтахт жанубида жойлашган ҳарбий қисм омборхонасида куйиб кетган 50 инсоннинг жасадлари қолдиқлари топилган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, улар 23 август Қаддофийнинг ўғли Хамис қўмондонлиги остидаги ҳарбийлар Триполидан чекинишдан одлин отиб ташлаган тинч фуқаролардир.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Amnesty International ташкилоти эълон қилишича, улар ҳам Қаддофий кучлари ва ҳам исёнкорлар тутқунларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётгани далилларини қўлга киритганлар.

Пойтахт Триполида бўлган мухбирларнинг хабар беришларича, шаҳардаги аҳвол оғир бўлиб бораяпти.

Трпиолининг аксар қисмида электр қуввати ва ичимлик суви таъминоти буткул тўхтатилган.

Шифохоналарда дори-дармонлар етишмаяпти, шаҳарнинг аксар қисмида антисанитария ҳолати сақланмоқда.

Қоҳирада Араб Лигаси йиғинида Ливияни тақдим этган Миллий Ўтиш даври кенгаши раҳбари Маҳмуд Жибрил мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришда кўмаклашишни сўраган.

У араб мамлакатларини имкон қадар тезроқ Ливияга молиявий ёрдам беришга чақирган.