Шотландия қамоғидан қўйиб юборилган Локерби ҳужумчиси 'ўлим қаршисида'

Меграҳи

Шотландиянинг Локерби шаҳри устидан учиб ўтаётган учоқни портлатишда айбланган Абделбосит ал-Меграҳи Триполидаги уйида беҳуш ётгани хабар қилинади.

СиЭнЭннинг хабар беришича, Меграҳи "ўлим" қаршисида турган кўринади.

Меграҳи 2009 йил саломатлиги ёмонлашгани важи билан Шотландиядаги қамоқхонадан қўйиб юборилганди.

Аммо, бу қарор танқидларга сабаб бўлган, уни Британия қамоқхонасига қайтариш ёки Қўшма Штатларда маҳкамага тортиш чақириқлари янграганди.

Аммо, исёнкорлари раҳбарлари уни экстадициясига рози бўлиш ниятлари йўқлигини айтишган.

Меграҳи 2001 йилда Локерби узра учган АҚШ учоғини портлатиш айбловлари билан озодликдан маҳрум этилганди. Ҳодисада 270 инсон нобуд бўлган.

Меграҳи саратоннинг оғир формасига чалингани аниқлангач, қўйиб юборилганди.

Шотландия расмийлари исёнкорлар Триполи томон олдинлаши ортидан унга боғланишга ҳаракат қилишган.

'Хабарлар тўғри маълумотларга асосланмаган'

Қамоқдан шартли рухсатнома асосида озод қилинган Меграҳи техник жиҳатдан ҳали ҳам Шотландия маҳбуси ҳисобланади ва у Шарқий Ренфрюшир кенгаши билан мунтазам алоқада бўлиб туриши керак.

Жума куни Шотландия ҳукумати белгиланган муддатга ҳали вақт бўлса-да, унга боғланишга уринилганини маълум қилишганди.

Меграҳининг топилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, ҳукумат ва Шарқий Ренфрюшир кенгаши шанба-якшанбада унинг оиласи билан гаплашишга муваффақ бўлганлари ва шартли рухсатномага зид ҳатти-ҳаракат кузатилмаганини айтишган.

Шотландия расмийларига кўра, ал-Меграҳи борасида яқин кунларда тарқатилган хабарлар аниқ маълумотларга асосланмаган.

"Ал-Меграҳининг аҳволидаги ҳар қандай ўзгариш Ливиядаги қонуний маъмурияти кўрилган Ўтиш даври Миллий Кенгаши билан мубоҳаса этилади".

СиЭнЭн Меграҳи "комада" ва "ўлими яқин"лиги ва "кислород ҳамда томиридан берилаётган томчи билан тирик" экани ва ҳеч нарса емаётгани ҳақида хабар қилганди.

Шунингдек, маълумотлар унинг ўғлига иқтибосан экани айтилганди.

Меграҳи 1988 йил Пан Эм ширкатига тегишли учоқни портлатишга алоқадорликда озодликдан маҳрум этилган биргина шахсдир.

Портлашдан жабрланганлар аксари Қўшма Штатлар фуқаролари бўлишган ва Шотландия Адлия вазири томонидан уни қўйиб юбориш борасида олинган қарор АҚШнинг ғазабноқ муносабатига сабаб бўлганди.

Қўшма Штатларнинг БМТдаги собиқ элчиси Жон Болтон Меграҳига аслида ўлим жазосига лойиқ бўлгани ва омад билан тирик юрганини айтганди. У Меграҳи қамоқда бўлиши кераклигини айтган ва уни экстрадиция қилишга чақирган.