Сурияда Рамазон Ҳайитидан кейин ҳам аксилҳукумат намойишлари бўлиб ўтган

Суриянинг қатор шаҳарларида Рамазон Ҳайити ибодати адо этилганидан кейин яна аксилҳукумат намойишлари ташкил этилган.

Хабарларга кўра, минглаб одамлар масжидлардан кўчаларга чиққанлар, жумладан пойтахт Дамашқ атрофида ҳам намойишчилар Президент Башар ал-Асад ҳукуматининг истеъфосини талаб қилганлар.

Суриялик фаолларнинг айтишларича, хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши ўт очганлар, оқибатда камида етти инсон ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг аксари мамлакат жанубидаги Дераа шаҳри истиқомат қилувчилари бўлганлар.

Ҳомс шаҳрида ҳам бир киши ўлдирилгани хабар қилинган.

Турли жойларда ярадор бўлганлар сони ҳам кўп бўлган.

Сурия телевидениеси Президент Башар ал-Асаднинг Дамашқдаги масжидлардан бирида Рамазон Ҳайити намозини ўқигани ҳақида махсус кўрсатув намойиш этган.

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Муирнинг хабар қилишича, Президент Асад намоздан кейин ибодатгўйлар билан қисқа суҳбат қурган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сурия телевидениеси Президент Башар ал-Асад Рамазон Ҳайити намозини адо этгани ҳақида кўрсатув намойиш этган

Ҳайит намозидан кейин кўплаб шаҳарларда, ҳатто Дамашқ атрофида ҳам одамлар кўчаларни тўлдирганлар, улар президентнинг истеъфосини талаб қилганлар.

Суриянинг аксар қисмларида алоқа узилган, хавфсизлик кучлари масжидлар атрофидаги кўчаларда патруллар қўйишган.

Мухбирларимизнинг хабар беришларича, давлат хавфсизлик кучларининг эътибори қабристонларга ҳам қаратилган, Рамазон Ҳайити кунлари мусулмонларнинг яқинларининг қабрларини зиёрат қилишлари назарда тутилган.

Фаолларга кўра, Дамашқ атрофидаги Қабун деб номланган жойда оломонни хавфсизлик кучлари ўраб олиб ўт очган, бу қатор талофотларга сабаб бўлган.

Бошқа жойлардаги сингари мамлакат шарқидаги Дейр ал-Зуурда ҳам намойишчиларга қарата ўт очилгани ҳақида хабарлар олинган. Рамазон Ҳайити арафасида Сурия хавфсизлик кучларининг ҳарбий техникалари бир неча ойдан буён аксилҳукумат намойишлари даво этаётган Растон шаҳрини ўраб олганлар. Сурияда хорижий журналистларнинг фаолият юритиши тақиқланган, бу эса суриялик фаоллар ҳамда ҳукумат тарқатаётган ахборот ҳақиқийлигини текширишни қийинлаштирмоқда.

Якшанба куни Араб Лигаси Бош котиби Набил Арабийнинг юзага келган инқирозни ҳал этиш йўлларини муҳокама этиш мақсадида Сурияга ташриф буюриши эълон қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, март ойида Сурия президентига қарши норозилик намойишлари бошлангандан буён 2200 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.