Чеченистон пойтахтидаги худкушлик ҳужумларида саккиз киши ҳалок бўлган

Хабарларга кўра, Рамазон Ҳайити тунида Чеченистон пойтахти Грознийда хавфсизлик кучлари билан отишма ва худкушлик ҳужумлари юз берган.

Оқибатда саккиз киши ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ одам яраланган.

Чеченистон Ички ишлар вазирлигидан хабар қилишларича, Грознийдаги парламент биносига яқин жойда шубҳали одамлар тўпланаётгани ҳақида маълумот кечки соат 9 ларда келиб тушган.

Полиция шубҳали шахс ҳужжатларини текшираётганида биринчи портлаш содир этилгани хабар қилинган.

Чеченистон Ички ишлар вазирлигига кўра, шубҳали шахслар полицияга қуролли қаршилик кўрсатганлар ва хавфсизлик кучлари қуршовидан чиқиб кетишга уринганлар.

Сўнг шубҳали шахсларнинг ўзларини ўзлари портлатиб юборганлари хабар қилинган.

Чеченистон ҳуқуқ-тартибот идоралари дастлаб икки худкушлик ҳужуми содир этилгани ҳақида хабар берганлар, сўнгги маълумотларга кўра, уч портлаш юз берган.

Чеченистон расмийлари жангариларнинг сони уч киши ташкил этганини айтганлар.

31 август куни Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров айтишича, худкуш ҳужумчилардан бирининг шахси аниқланган.

У, Рамзан Қодиров сўзларига кўра, бир йил олдин Грозний шаҳрида ўзини ўзи портлатган бошқа бир чечен жангарисининг иниси бўлган.

Президент Рамзан Қодиров айтишича, жангарилар ҳужумни содир этиш учун мусулмонларнинг муқаддас Рамазон Ҳайити кунини танлаганлар, бу эса жангарилар учун "муқаддас ҳеч нарса йўқлигини кўрсатади".

Мухбирларнинг ёзишларича, пойтахт Грознийдаги ҳодиса Чеченистон ҳамон барқарор эмаслигидан далолат беради.

2010 йил баҳорида Москва Чеченистонда бўлгинчилар устидан тўла ғалабага эришганлари ҳақида эълон қилган.

Мухбирлар Шимолий Қофқознинг бошқа минтақаларида ҳам исломий жангарилар фаоллашгани кузатилаётганини айтадилар.