Ейиладиган галстуклар яккаҳукмронлик касалига даво бўла оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ихтирочиларни шахсан Гуржистон Президенти Михаил Саакашвилининг хатти-ҳаракатлари илҳомлантириб юборган

Россиялик иқтисодчи Андрей Илларионовга кўра, Гуржистонда ейиладиган ва яккаҳукмронлик дохил бошқа сиёсий касалликларга даво бўлган галстукларни сотувга чиқаришга ҳозирлик кўрилмоқда.

Иқтисодчининг livejournal даги блогида ёзишича, ейиладиган галстуклар сариқ тоғолча соусидан тайёрланади.

Бундайин ихтиро кимдан чиқдийкин, дейдиган бўлсангиз, Гуржистондаги Илии университети профессори Олег Панфилов ва "Оврўпоча Гуржистон" сиёсий коалицияси аъзоси Леван Чолокашвилидан.

Жаноб Панфиловга кўра, ўз ихтироларини аллақачон "Сакпатенти" Интеллектуал мулк миллий марказида расман қайддан ҳам ўтказишган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ейиладиган галстукка ёзилган аннотация ҳаммасидан ҳам ўтиб тушган.

"Галстукни ейиш ҳаётингизни ислоҳ этиш ва яхшилашга ёрдам беради. Эркинлик ва демократияга ташна қилади. Яккаҳукмронлик, шўравий менталитет, қўшниларини фаровон ва бахтли ҳолда кўролмаслик касалидан тузалишга кўмак беради. Галстукни бу каби хасталиклардан буткул фориғ бўлмагунча, мунтазам равишда истеъмол этиш тавсия этилади. Галстук табиий маҳсулотлардан тайёрланган", дейилади аннотацияда.

Жаноб Илларионовга кўра, ейиладиган галстукларни келаси ҳафтадан бошлаб оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин.

2008 йилги беш кунлик Россия-Гуржистон уруши пайтида президент Михаил Саакашвилининг телефон орқали сўзлаша туриб, асабий ҳолатда галстугини чайнаб тургани акс этган кадрлар ижтимоий мулоқот тармоқларида роса баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Шундан сўнг галстугини қандай чайнаганини эслатиб, қилинган ҳазилларга эса, жаноб Саакашвили индамай қўяди, холос.

Устига устак, Гуржистон президентининг ўзи ҳам шу мавзуга тез-тез қайтиб туради.