Ливия: Қаддофий кучларининг сўнгги паноҳларидан Бани Валидга ҳужумга тайёргарлик кўрилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Учоқлари НАТО ҳужумларида вайрон этилган Ҳамис ҳарбий базаси Бани Валид шаҳридан 22 километр узоқликда жойлашган

Ливия муваққат ҳукуматининг юзлаб жангчилари қудратдан ағдарилган Муаммар Қаддофий тарафдорлари назоратида ушлаб турган Бани Валид шаҳри атрофини ўраб олмоқдалар.

Бани Валид Ливияда қаддофийчилар назоратида қолган кам сонли аҳоли масканларидан биридир, у пойтахт Триполидан 150 километр жануби-шарқда чўл ўртасида жойлашган.

Бугунги кунда тобора кўп сондаги жаҳон мамлакатлари эътироф этиб, Ливиянинг қонуний ҳукуматига айланган аксилфаддофий исёнчилар ҳали Рамазон Ҳайити арафасида Муаммар Қаддофийнинг туғилиб ўсган шаҳри Сиртдаги собиқ ҳукумат қўшинларига қуролларни ташлашга фурсат берган, акс ҳолда шаҳарга ҳужум бошланиши ҳақида огоҳлантириш берилган.

Ҳозир Бани Валид, Сирт, Жуфра ва Сабҳа шаҳарларини Қаддофийга содиқ қўшинлар назорат қилиб туришипти, Ливиянинг Миллий Ўтиш даври кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалил ўзларининг қўшинлари бу шаҳарларни ҳам ўраб олаётганларини айтган.

Бугун Бани Валид шаҳрига муваққат ҳукумат кучлари шимолдан, шарқдан ва ғарбдан яқинлашиб бораётганларини айтмоқдалар.

Бани Валид шаҳри ўтган ойда матбуот эътиборига тушган, хабарларда пойтахт Триполини тарк этган полковник Қаддофийнинг икки ўғли бу шаҳар орқали жанубга йўл олгани айтилган.

Айрим хабарларга кўра, Қаддофий оиласи аъзолари ҳамон Бани Валидда бўлишлари мумкин.

Муваққат ҳукумат кучлари қўмондонларидан бири Муфта Муҳаммаднинг Би-би-сига айтишича, ўзларининг ҳаракатларини Мисрата шаҳридан Бани Валидга яқинлашаётган кучлар билан мувофиқлаштирмоқдалар.

"Ҳозир биз Бани Валид чегарасидамиз. Бу жой Тархуна билан Бани Валид ўртасида. Мисраталик исёнчилар билан амалларимизни мувофиқлаштираяпмиз. Худо хоҳласа, шаҳарни бугун ёки эртага қўлга киритамиз", дейди Муфта Муҳаммад.

Олдинроқ тарқалган Қаддофийнинг икки ўғли Сайфулислом ва Мутассим ўзларига содиқ қўшинлар билан Бани Валидга кириб жойлашганлар ва у ерда сўнгги жангларга тайёргарлик кўрмоқдалар, деган хабар нотўғри бўлиб чиқди, дейди Би-би-сининг Триполидаги мухбири Кевин Конноли.

"Вазият биринчи галдан қараганда кўринадиганидан мураккаб. Қаддофийга содиқ кучларнинг айримлари Бани Валидни тарк этаётган бўлсалар, айримлари музокараларни исташлари ҳақида ишора бермоқдалар. Афтидан, музокараларга боришаётганини очиқдан-очиқ намойиш этмаслик ҳаракатлари кўринади", дейди мухбиримиз.

Муаммар Қаддофийнинг ўзи ҳозир қаердалиги номаълум.

Қаддофий ҳукуматидаги сўзчиси Муса Иброҳимнинг Рейтерс ахборот агентлиги билан телефон орқали суҳбатида айтишича, полковник Қаддофий Ливия ичкарисида ва ўзига содиқ кучлар ҳимоясида хавотирсиз жойда.

Таҳлилчилар Ливиядаги воқеалар ривожининг ҳозирги босқичида янги ҳукуматнинг мамлакатнинг барча ҳудудлари устидан назоратни тезроқ қўлга киритишлари муҳимлигини айтишади.

Бу муваққат ҳукуматга янги ҳукуматни шакллантириш ва эски режим таҳдидларини бартараф этиш имконини беради. Шунинг учун Бани Валид жанговор амалиётларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ливия Миллий Ўтиш даври кенгаши қайта қуриш амалиётларига киришган, пойтахт Триполини муҳофаза қилиш бўйича олий хавфсизлик кенгашини барпо этганлар.

Лекин янги раҳбарият исёнчилар бош макони Бенғози шаҳридан пойтахтга кўчиш ҳаракатларини яна бир ҳафтага орқага қолдирган.

Би-би-си мухбирининг ёзишича, бу нарса кечаги исёнкорларнинг янги ҳукумат вазифаларини ўз зиммаларига расман олишлари жараёнини яна ортга чўзади ва пойтахтда ҳокимият бўлшиғини юзага келтириши мумкин деган хавотирларни юзага чиқаради.

БМТ Бош котибининг Ливия бўйича махсус маслаҳатчиси Иан Мартин Ливия пойтахтига етиб борган, у мамлакатни қайта ривожлантириш мақсадидаги халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтиришга ҳаракат қилишини айтган.