АҚШ махсус кучларининг Қаддофий жосуслари билан алоқалари фош бўлар экан, бу Ғарб учун нақадар уятли?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Бугунда Триполи армиясига бошчилик қилаётган Белҳаж ўтмишда Ливия Исломий Жангчилар Гуруҳига асос солган.

Британия Бош Вазири Дэвид Камерон Британ жосуслик хизмати Муаммар Қаддофийнинг махсус хизматларига террор гумондорларини топширгани ҳақидаги даъволар текширилиши кераклигини айтган.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти Триполидаги ташландиқ бинолардан бирида АҚШ Марказий Жосуслик Бошқармаси, Британия Ташқи Разведкаси - МИ 6 билан Ливия Ташқи Хавфсизлик Бошқармаси ўртасидаги ёзишмаларни қўлга киритганини айтган.

Айни дамда 2004 йилда Ливия ҳукуматига топширилган собиқ гумондор ва бугунда Триполидаги аксил-Қаддофий кучлар қўмондони Абдул Ҳаким Белҳаж АҚШ ва Британиядан кечирим сўрашни талаб қилган.

Ҳозирда Триполида бўлган ва ҳужжатлар билан шахсан танишган Би-би-си мухаррири Жереми Бовеннинг айтишича, бу топилмалар АҚШ ва Британияни кўп уятга қўйиши турган гап, чунки улар ҳозир баралла чиқишлар қилиб қоралаётган тузум билан ўзлари яқин алоқаларда бўлишгани намоён бўлмоқда.

"Ҳужжатлардан аён бўлишича, бу тузум улар учун фойдали бўлган, бу тузумнинг қамоқхоналари ва уларда одамлар қийноқларга тутилгани ҳам улар учун фойдали бўлган. Чунки Британия ва АҚШ гумондорларни Ливияга жўнатишган ва бу гумондорлар, баъзи ташкилотларга кўра, маълумот олиш йўлида қийноқларга тутилганлар," дейди у.

Абдул Ҳаким Белҳаж 1990-йиллар ва 2000-йилларда Ливия Исломий Жангчилар Гуруҳи деб номланган гуруҳнинг асосчиларидан бири бўлган.

Америкаликлар бу гуруҳни Ал-Қоидага алоқадор террорчи ташкилот деб кўришган.

Унинг ўзи эса гуруҳ Муаммар Қаддофийни ағдариш учун тузилган бўлганини айтади.

У 2004 йилда Тайланд пойтахти Бангкокда қўлга олинган. Даъво қилишича, Американинг Марказий Жосуслик Агентлиги ва ливияликлар уни Ливияга олиб келишганидан кейин қийноқларга солишган.

Ҳужжатларга кўра, Британия ҳам бунга аралашган.

Кечирим

"Мен ва оилам бошига тушган нарса ноқонунийдир. Мен бунинг учун ва тутилган қийноқларим учун кечирим сўрашларини истайман. Ливия хукуматига берилган маълумот, Бангкокдаги сўроқлар, ҳаммаси ноқонуний бўлган. Мендан америкаликлар ва уларга ёрдам берган мамлакатлар кечирим сўрашлари керак," дейди Белҳаж жаноблари.

Белҳажнинг даъво қилишича, беш нафар ЦРУ агенти уни Бангкок аэропортида қўлга олганидан кейин юк машинасининг ортига ташлаган, икки ниқобли шахс уни дўппослашни бошлаган ва "Бин Лодин қаерда?" каби саволларни сўраб қичқиришган.

Сўнг у аэпортдаги бир хонага олиб борилиб яна дўппосланганини айтади.

Туршак ва апелсинлар

Хужжатлардан аён бўлаётган яна бир жиҳат Америка ва британ хавфсизлик кучлари Ливия махсус кучлари билан нақадар яқин бўлганидир.

2003 йилда Қаддофий Ғарб билан алоқаларини яхшилашга киришди, у оммавий қирғин қуролларини қоралаб чиқди, бунинг эвазига уни Ғарб ҳуш қарши олди ва террорга қарши курашга қўшди.

Қаддофий ҳам Ливия ичида исломий жангариларга қарши қаттиқ курашиб келган.

Унинг ўнг қўли деб билинган Мусо Куса хавфсизлик кучларига бошчилик қилган ва кўплар томонидан қўли қонга ботган шахс деб кўрилади.

Бироқ, у март ойида Британияга қочди. "Британ ҳукумати уни жуда ҳуш кўради нимагадир," дейди Жереми Бовен.

"Масалан, исми ошкор этилмаётган британ МИ6 расмийси унга шундай мактуб йўллаган: "Қадрли Муса, туршаклар ва апелсинлар учун катта раҳмат, Рождество куни биз билан тушлик қила олмаслигингдан афсусдаман."