Америка 11 сентябр ҳодисалари 10 йиллигига ҳужум таҳдиди борасида огоҳлантирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Махсус уюштирилган матбуот анжуманида Америкага жиддий ҳужум таҳдиди борлиги айтилди

АҚШ 2001 йил 11 сентябр ҳужумларининг 10 йиллиги олдидан Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларига ҳужум уюштирилиши борасида "махсус, ишончли таҳдид" мавжудлигидан огоҳлантирилган.

Президент Барак Обама аксилтеррор чораларини "икки карра" кучайтириш лозимлиги ҳақида фармойиш берган.

Нью-Йорк шаҳри масъуллари шу кунларда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, кўприклар, туннеллар ва жамоат транспортида эҳтиёт чоралари оширилгани, кўчаларни қаттиқ қўриқлаш бошлангани ҳақида айтганлар.

ABC News телеканали уч шахс ҳужумларни содир этиш мақсадида АҚШ ҳудудига август ойида кирганлари ҳақида ахборот тарқатган.

Бироқ ушбу хабар Қўшма Штатлар расмийлари айтаётган таҳдидга боғлиқ-боғлиқ эмаслиги аён эмас.

Қарийб 3000 инсон ўлимига сабаб бўлган ҳужумларнинг 10 йиллиги маросимлари якшанба куни Нью-Йоркдаги Жаҳон Савдо марказининг ўрнида бўлиб ўтади.

Бу маросимда АҚШ Президенти Барак Обама ва мамлакатнинг собиқ президенти Жорж Бушнинг иштирок этишлари хабар қилинган.

11 сентябр фожеаларининг 10 йиллигига ҳужум тайёрлангани таҳдиди мавжудлиги муносабати билан Нью-Йорк ҳокими Майкл Блумберг, шаҳар полицияси раҳбари Раймонд Келли ва Федерал Қидирув бюросининг Нью-Йорк бўйича масъули Жанет Федарсик махсус матбуот анжумани уюштирганлар.

"Ал-Қоида" муҳим саналарга қизиқиш кўрсатиб келади. Шу муносабат билан бу ишончли, махсус, бироқ тасдиқланмаган ахборот", деб айтган Федерал Қидирув бюроси расмийси.

Терроризмга қарши кураш идораларидан бирининг масъули Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига айтишича, таҳдид борасидаги жосуслик ахбороти ўтган чоршанба куни олинган ва шундан кейин текшириш бошланган.

Нью-Йорк ҳокими Майкл Блумбергнинг айтишича, шаҳар кўчаларига қўшимча "ресурслар" ташланган, уларнинг "айримини пайқаб бўлади, айримларини йўқ".

Қўшимча чоралар шубҳали кўринган сумкаларни очиб текшириш, жамоат транспортида ходимлар сони кўпайтирилишини назарда тутади.

"Биз 11 сентябр ҳодисаларини хотирлаш маросимида бирор нарса бўлишидан алоҳида хавотирдамиз. Чунки биз бин Лодиннинг материалларида 10 йиликни нишонлаш, 10 йилликни хотирлаш муҳокама этилганини кўрдик", деб айтган Нью-Йорк полицияси раҳбари.

"Шубҳа йўқки, Нью-Йорк 10 йил олдингидан кўра хавфсизроқ, лекин кафолат йўқ. Биз билмаган нарсамизни билмаймиз, бироқ биз шаҳарни муҳофаза қилиш мақсадида қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилаяпмиз, бироқ бу хатарли дунё", деб айтган Раймон Келли.

Америка расмийларига кўра, шу йилнинг 2 май кунида Покистоннинг Абботободидаги Усама бин Лодиннинг ҳовлисига уюштирилган рейдда топилган ҳужжатларда "Ал-Қоида" раҳбарининг 11 сентябр ҳодисаларининг 10 йиллигига ҳужумлар уюштириш устида бош қотиргани далиллари топилган.